Ўзбекистонлик ёш олимлар Эронда стажировка ўташи мумкин бўлади

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Жонибек Тавакалов бошчилигидаги делегация Эронда хизмат сафарида бўлиб турибди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон ёш олимлари учун Эроннинг етакчи илмий ташкилотларида стажировка ўташ имкониятлари яратилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Айни кунларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Жонибек Тавакалов бошчилигидаги делегация Эронда хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ташриф давомида Эрон Миллий илм-фан жамғармаси, Эрон Аграр тадқиқотлар, таълим ва ривожланиш ташкилоти ҳамда Эрон саратон институти, Саратон тадқиқотлар маркази ва Эрон илғор клиник ўқув маркази раҳбарияти ва жамоаси билан учрашувлар ташкил этилди.
Учрашув натижасида Эроннинг юқоридаги ташкилотлари билан ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ёш олимларини мазкур ташкилотларда илмий стажировка ўташлари юзасидан томонлар ўртасида меморандум ва келишувлар имзоланди.
Музокаралар натижасида Агентлик, Жамғарма ва Эрон миллий илм-фан жамғармаси ўртасида 2023–2025 йилларда ҳамкорликда илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш ва молиялаштириш юзасидан меморандум имзоланди.