Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзиядаги халқаро кўргазмада иштирок этмоқда

Кўргазма Малайзия пойтахтида 2009 йилдан бери ўтказилиб келинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Куала-Лумпурдаги Малайзия халқаро савдо ва кўргазмалар марказида иш бошлаган “Ақлли миллат кўргазмаси - 2023” (“SmartNation-2023”) тадбирида иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
“SmartNation-2023” ахборот технологиялари соҳасидаги сўнгги янгиликлар, 5G технологияси, робототехника, сунъий онг, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат, молия, таълим сохаларида қўлланиладиган дастурий таъминотлар кўргазмаси бўлиб, Малайзия пойтахтида 2009 йилдан бери ўтказилиб келинади.
Унда ҳар йили дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатидан 500 га яқин компания, 50 дан ортиқ мамлакатдан салкам 20 минг киши иштирок этади, 1000 дан ортиқ инновация технологиялари ва ечимлар намойиш қилинади.
Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзиядаги халқаро кўргазмада иштирок этмоқда
Кўргазмада тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, IT Park Uzbekistan ва сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда инновация экотизимини ривожлантиришда стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Малайзия томони Ўзбекистон вакилларини келгуси йили ташкил этиладиган “Ақлли миллат кўргазмаси - 2024” кўргазмасида ўз маҳсулотлари билан иштирок этишга таклиф қилди.
Кўргазма доирасида унинг қатор қатнашчилари, жумладан, Малайзиянинг “Tron Bradbury Energy”, “Drone Academy Asia” ва “Teleplex Solutions Sdn Bhd” компаниялари вакиллари Ўзбекистонда фаолият юритиш имкониятларини кўриб чиқишга қизиқиш билдиришди.