ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ханчжоу-2022 XIX Осиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегациясини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
© НОК
Унда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди. Арипов Осиё ўйинларига тайёргарлик йўлида президент томонидан барча шароитлар яратиб берилганини таъкидлаб, спортчиларга омад тилади.
© НОК
© НОК
Қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори, катталар ўртасида Осиё чемпиони Зайнаб Дайибекова спортчилар номидан сўзга чиқиб, муросасиз беллашувларда медаллар қўлга киритиш учун бор куч ва шижоатларини ишга солишини билдирди. Тадбир якунида Абдулла Арипов Зайнаб Дайибековага Ўзбекистон давлат байроғини топширди.
© НОК
© НОК
Шунинг билан, тантанали тадбир ўз якунига етди. Делегация аъзолари давлат томонидан ажратилган махсус “Dream Liner” самолётида чартер рейси билан Ханчжоу томон йўл олди.
Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари 23 сентябрь - 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилади.