Кенг миқёсдаги жанг. АҚШда Зеленский янги воқелик ҳақида огоҳлантирилди

Қарши ҳужум кўплаб таҳлилчилар ва расмийлар башорат қилган натижаларни бермади, дейилади хабарда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Украина президенти Владимир Зеленский учун дунёдаги вазият кескин ўзгарди, деб ёзади Блез Мэлли “Responsible Statecraft” учун мақоласида.
“Зеленский ўтган йилгидан бошқача сиёсий воқеликка дуч келмоқда. Қарши ҳужум кўплаб таҳлилчилар ва расмийлар башорат қилган натижаларни бермади, бу эса узоқ давом этадиган можаро эҳтимолини оширди”, - дейилади хабарда.
Мақолада қайд этилишича, Оқ уйнинг Киевни молиялаштиришни давом эттириш истаги туфайли Вашингтонда қарама-қаршилик авж олган.
“Вакиллар палатасида консерваторлар бир қатор талаблар, жумладан, Украина учун “тоза чек” рад этилмаса, бюджет борасида келишмаслик ва ҳукумат ишини тўхтатиш билан таҳдид қилишди”, деб ёзади муаллиф.
Оқ уйнинг хабарига кўра, Қўшма Штатлар украиналикларга қарши ҳужум учун сўралган ҳамма нарсани берган. Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти конгрессменларнинг Зеленский билан учрашуви олдидан Украинага янги молиялаштириш босқичи кафолатланмоқчи эмаслигини, балки кўрсатилган ёрдам учун жавобгарлик талаб қилинишини айтганди.