Юқори қон босими билан оғриганларнинг деярли ярми ҳали ўз касаллигидан бехабар — ЖССТ

ЖССТ илк бор юқори қон босимининг инсоният саломатлигига салбий таъсири кўлами ва бунинг олдини олишга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳисоботини эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Дунёда 2050 йилгача юқори қон босими оқибатида келиб чиқадиган 76 миллион ўлим ҳолатининг олдини олиш мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таяниб хабар берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти илк бор юқори қон босимининг инсоният саломатлигига салбий таъсири кўлами ва бунинг олдини олишга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳисоботини эълон қилди.
Қайд этилишича, ҳозир дунё бўйича катта ёшли аҳолининг ҳар 3 нафардан бири гипертониядан азият чекмоқда. Бу эса инсульт, инфаркт, юрак ва буйрак етишмовчилиги каби ҳаёт учун хавфли касалликларни келтириб чиқармоқда.
1990 йилдан 2019 йилгача Ер юзида юқори қон босими хасталиги бор беморлар сони икки баравар кўпайиб, 650 миллиондан 1,3 миллиард нафарга етди.
"Бироқ дунёда гипертония билан оғриган инсонларнинг деярли ярми ҳали ўз касаллигидан хабардор эмас, тўртдан уч қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди", — дейилади хабарда.
Шунингдек, бундай беморларнинг ҳар беш нафардан тўрт нафари зарур муолажаларни олмайди.
Ваҳоланки, бу хасталикни даволаш бўйича тиббий ёрдам сифати ва кўламини ошириш орқали 2023 — 2050 йиллар оралиғида 76 миллион ўлим, 120 миллион инсульт, 79 миллион инфаркт ва 17 миллион юрак етишмовчилиги ҳолатларининг олдини олиш мумкин.
Таҳлилларга кўра, юқори қон босими хавфи ёш ва ирсий омиллар туфайли ортиши кузатилади. Қолаверса, меъёрдан кўп туз истеъмоли, кам ҳаракатлик, ичкиликбозлик, кашандалик, нотўғри овқатланиш каби салбий одатлар ҳам гипертониянинг ривожланишига олиб келади.
"Шу сабабли бу хасталикнинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва самарали даволаш мамлакатлар соғлиқни сақлаш тузилмалари учун устувор мақсадга айланиши шарт",— дея қўшимча қилинган хабарда.
Аслида эса бу хавфли дардни арзон, хавфсиз ва оммабоп дори-дармонлар, шунингдек, туз истеъмолини камайтириш каби бошқа усуллар ёрдамида бартараф этиш мумкин.
ЖССТ бунинг учун амалий даволаш протоколларини соддалаштириш, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминотини яхшилаш зарур, деган хулосада.
Қон босими пасайганда уни дорисиз қандай кўтариш мумкин — шифокор жавоби