ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бақирий сешанба куни Теҳронда бўлиб ўтган музокараларда Тоғли Қорабоғ, Сурия ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди. РИА Новости хабарига асосан.
“Бу, албатта, Сурия, Афғонистонни ўз ичига олади ва бугун шимолий қўшнингизда содир бўлаётган Қорабоғ воқеаларидир", — деди Шойгу икки томонлама музокараларда.
Шунингдек, Россия мудофаа вазири Эрон бош штаби бошлиғи билан ҳарбий соҳада таълим, тажриба алмашиш, денгиз кучларининг қўшма машғулотларини ўтказиш ва ҳарбий ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалаларини муҳокама қилишни таклиф қилди.
"Учрашувимизни Россия ва Эрон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам деб биламан. Бугун биз икки томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш имконига эгамиз", - деди Шойгу.
Сергей Шойгу “Эрон Россиянинг Яқин Шарқдаги стратегик ҳамкори” эканини алоҳида таъкидлади.
"Мудофаа соҳасидаги Россия-Эрон муносабатлари жадал ва ижобий ривожланмоқда. Сўнгги пайтларда ҳам олий даражадаги, ҳам ҳарбий идоралар раҳбарияти даражасидаги учрашувлар шиддати сезиларли даражада ошди”, - деди Россия Федерацияси Мудофаа вазири.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия делегацияси сешанба куни Эрон ҳарбий раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Теҳронга етиб келди. Эрон Қуролли кучлари Бош штабининг асосий вазифаси доирасида фахрий қоровул ротаси ва оркестр иштирокида Россия делегациясини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шойгуни Бош штаб бошлиғи Муҳаммад Бақирий кутиб олди.