Ўзбекистон ОАВ ходимлари Россиядаги халқаро медиа форумда қатнашмоқда

Мазкур форум 2014 йилда ташкил этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Россиянинг Астрахань шаҳрида бугун, 19 сентябрь куни "Каспий-2023" VIII Халқаро медиа форуми бошланди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Саккизинчи Каспий медиа форуми "Халқ дипломатияси ва ижтимоий медиа халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи омил сифатида" мавзусида ташкил этилган.
Анжуманда Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат делегация иштирок этмоқда. Тадбирда, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Эрон вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Форумда медиа-таълим тизимини ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари, "Шимол-Жануб" халқаро транспорт коридори", "Янги воқеликлар – янги имкониятлар" ва бошқа мавзуларда панель сессиялар, турли хил қизиқарли ва долзарб ялпи муҳокамалар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказилиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, иштирокчилар ушбу тадбирларда медиа соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, халқ дипломатияси, замонавий медиатрендлар, академик ва илмий ҳамкорлик, медиа хизматлари ва медиа лойиҳаларнинг иш тажрибаси, медиа маркетингни ривожлантиришга оид муаммолар бўйича фикр алмашадилар.
Тадбир якунида "Чегара билмас Каспий денгизи" мавзусида ўтказилган энг яхши журналистик асар учун халқаро танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Мазкур форум 2014 йилда ташкил этилган.
Медиа анжуман жорий йил 20 сентябрга қадар давом этади.