ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғда локал хусусиятга эга аксилтеррор тадбирларини бошлаганини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
"Уч томонлама баёнот (2020 йил 9 ноябрдаги Озарбайжон, Арманистон ва Россия етакчилари баёноти) низомини таъминлаш мақсадида Қорабоғ иқтисодий ҳудудида кенг кўламли провокацияларнинг олдини олиш, ҳудудимиздан Арманистон қуролли кучларини қуролсизлантириш ва чиқариб юбориш, уларнинг ҳарбий инфратузилмасини зарарсизлантириш, ҳудудларга қайтган тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, озод қилинган давлат хизматчилари, қурилиш-таъмирлаш ишларига жалб этилган ҳарбийларимиз ҳамда Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш бўйича минтақада локал хусусиятга эга антитеррор тадбирлари бошланди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланган ҳолда Арманистон қуролли кучлари қўшинларининг позициялари, уларнинг ўқ отиш пунктлари, шунингдек, жанговар воситалар ва ҳарбий объектлари яроқсиз ҳолга келтирилмоқда. Вазирлик тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслиги, фақат қонуний ҳарбий нишонлар мақсад эканини қайд этган.
Россия Федерацияси тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги ва Туркия-Россия мониторинг маркази раҳбариятига олиб борилаётган тадбирлар борасида ахборот берилган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги мамлакат чегарасидаги вазият барқарор эканини маълум қилди. Шунингдек, Тоғли Қорабоғда Арманистон Қуролли кучлари бўлинмалари йўқлигини таъкидлаган.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Россия Тоғли Қорабоғда вазият кескинлашганидан хавотирда эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Россия томонларни қон тўкилишини тўхтатиш, ҳарбий ҳаракатларни бас қилишга чақиради.