ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта фонди (ХВФ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, учрашувда фонд раҳбари Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастури натижаларига юқори баҳо берди. Мамлакатдаги самарали янгиланишларни илгари суришда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
"Учрашувда ХВФнинг Ўзбекистон молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда консалтинг кўмагини кўрсатиш ҳамда мамлакат идоралари мутахассисларининг салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир масалалар муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашувда ХВФ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, шу жумладан шу йил июнь ойида Самарқандда ўтган икки томонлама учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.