ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон Физика-техника институти йирик BM@N халқаро коллаборация аъзоси бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Россиянинг Дубна шаҳридаги Бирлашган Ядро тадқиқотлари институти Юқори энергиялар физикаси лабораториясида халқаро BM@N (Baryonic Matter at Nuclotron – Nuklotrondagi Barion Materiyasi) коллаборацияси институтлар Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Физика-техника институти директори Ҳусниддин Олимов институтда юқори энергиялар физикаси соҳасида олиб борилаётган долзарб тадқиқотлар ҳамда қўлга киритилган асосий натижалар тўғрисида тақдимот ўтказди.
Гуруҳ раҳбари Ҳусниддин Олимов BM@N коллаборацияси институтлари кенгаши таркибига киритилди. BM@N коллаборациясига аъзо бўлган Физика-техника илмий гуруҳига шунингдек, Ядро физика институтидан аъзо сифатида Олимжон Тожибоев ҳамда илмий маслаҳатчи сифатида академик Беҳзод Юлдашев киритилди.
“Ўзбекистонлик олимларнинг бундай нуфузли ва йирик халқаро экспериментларда иштирок этишлари жаҳонда Ўзбекистон фани нуфузини янада кўтарилишига ҳамда ўзбекистонлик ёш олимлар ва докторантларнинг ўз тадқиқот соҳаларида илғор замонавий билим, кўникма ва тажрибага эга бўлишларига имкон беради” , — дейилади хабарда.
BM@N (Nuklotrondagi Barion Materiyasi) Россиянинг Бирлашган Ядро тадқиқотлари тнститутининг йирик “NICA-Nuklotron” тезлатгич мажмуасида бошланган илк эксперимент ҳисобланади.
BM@N экспериментининг асосий мақсади тезлатилган релятивистик оғир ионларнинг нишон ядролари билан тўқнашувларида ҳосил бўлган зич барион материянинг хоссаларини ўрганиш. Бундай зич барион материя хоссалари бўйича нейтрон юлдузларидаги зич материяга жуда яқиндир.
BM@N халқаро коллаборациясига жаҳоннинг 5 та давлатининг 13 та илмий ташкилот ҳамда университети аъзо ҳисобланади.