Андижонда 3 туп чинорни кесган фуқароларга жазо тайинланди

Уч туп ғарб чинорини кесганларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, улар етказилган зарарни қоплайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Андижон вилояти Избоскан туманида 3 туп ғарб чинори дарахтини кесган фуқароларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 апрел куни А.А. ва М.И. бу дарахтларни гўёки яшаш хонадони учун хавф туғдираётгани ва қурилиш, таъмирлаш ишларига халал бераётганини рўкач қилиб кесиб ташлаган.
Бу орқали ўсимлик дунёсига 131 миллион 400 минг сўмлик кўп миқдорда зарар етказилган.
Ҳолатни Экология вазирлиги ходимлари ўрганган ва тегишли ҳужжатлар прокуратурага юборилган. Прокуратура эса уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 18 сентябрь куни А.А. ва М.И.га суд ҳукми ўқилди
Унга кўра, уч туп ғарб чинорини кесганларнинг ҳар бирига етказилган зарарни қоплаш билан бирга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.