Мишустин Москва ва Тошкент муносабатларига аралашишга уринишларни муваффақиятсиз деб атади

Россия бош вазири Ўзбекистонни мамлакатнинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчи иқтисодий шерикларидан бири деб атади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Бошқа давлатлар келишмовчилик келтириб чиқаришга уринишларига қарамай, Москва ва Тошкент ўзаро ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Бу ҳақда Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида Россия бош вазири Михаил Мишустин айтиб ўтди. У икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.
“Биз биргаликда савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз, ўртамизда мавжуд бўлган барча масалаларни, душманлар низо келтириб чиқаришга уринаётганларига қарамай, самарали ҳал қилмоқдамиз”, – деди Россия ҳукумати раиси.
У Ўзбекистонни “Марказий Осиё минтақасидаги етакчи иқтисодий шериклардан бири” деб атади. Россия Вазирлар Маҳкамаси раҳбари “Россия ва Ўзбекистон иқтисодиётининг салоҳияти анча юқори, ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантириш учун кўплаб имкониятлар мавжудлигига” ишонч билдирди.
“Муносабатларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш муҳим”, – деди Мишустин. Унинг сўзларига кўра, “умумий вазифа – тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида яқин келажакда савдо-иқтисодий ҳамкорликни биргаликда янада юқори даражага олиб чиқиш”.
“Биз буни уддалай олишимизга ишончим комил”, – деди у.
Жорий йиғилишда Россия ҳукумати раҳбари “савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги энг устувор йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини” белгилашни таклиф қилди ва “саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, юқори технологиялар, таълим, тиббиётда ҳамкорликни кенгайтиришга” алоҳида эътибор қаратди.
Мишустиннинг сўзларига кўра, “мураккаб халқаро муҳитга қарамай, икки давлат ўртасидаги ҳам иқтисодий, ҳам сармоявий алоқалар изчил мустаҳкамланиб бормоқда”. У 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш 25% га ошганини, 2023 йилнинг январь-июль ойларида эса яна 14 фоизга ошганини эслатди. Россия ҳукумати раисининг фикрича, Ўзбекистоннинг Евроосиё интеграциясига қўшилиши “миллий иқтисодиётни ривожлантириш, фуқаролар фаровонлигини, ишбилармонлик ва сармоявий фаолликни ошириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлайди”.
Унинг таъкидлашича, “интеграциялашган ҳамкорлик – мустаҳкам ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини яратиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва рақамли иқтисодиётнинг афзалликлари орқали салбий ташқи шароитлар таъсирини юмшатади”.
Бизнес алоқалар ва қўшма лойиҳалар
“Биз тадбиркорларимиз ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш имконияти мавжуд, деб ҳисоблаймиз”, — деди Россия бош вазири.
У Россиянинг йирик компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтираётганига, уларнинг ҳажми жами хорижий инвестициялар ҳажмининг бешдан бир қисмини ташкил этаётганига эътибор қаратди.
“Саноат, агросаноат мажмуаси, тўқимачилик саноати, транспорт инфратузилмасида қўшма лойиҳалар сони барқарор ўсиб бормоқда”, — деди Россия Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.
Мишустин энергетикани ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири деб атади. Бунга мисол тариқасида Қандим конлар гуруҳида замонавий газни қайта ишлаш мажмуаси барпо этилаётгани, бошқа конларнинг ўзлаштирилиши ва Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш режаларини айтиб ўтди.
“Ўтган қишда Ўзбекистонни энергия билан таъминлашда бошдан кечирган қийинчиликлар [атом электр станцияси лойиҳасининг] тўғрилигини ва танлов тинч атом энергетикаси фойдасига муҳимлигини тасдиқлади. Лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришга, минглаб янги иш ўринлари яратишга, Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини очишга ёрдам беради”, — таъкидлади у.
Арипов ва Мишустин раислигида йиғилишда қатор ҳужжатлар имзоланди – рўйхат