Байден БМТ Хавфсизлик Кенгашига ўзгартириш киритиш масаласини кўтармоқчи

Ҳозирда БМТ Хавфсизлик Кенгашига 15 та давлат аъзо: 5 та доимий ва 10 та вақтинчалик.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. АҚШ президенти Жо Байден келаси ҳафта БМТ Хавфсизлик кенгаши тузилишига ўзгартиришлар киритиш масаласини кўтармоқчи. Бу ҳақда Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
“Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини баҳолаш вақти келганини аниқ биламиз, келаси ҳафтада президент Байденнинг ўзидан бу ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўласиз”, – деди у Британиянинг “Telegraph” газетасига берган интервьюсида.
Америка ҳукумати нуқтаи назаридан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши “янада инклюзив ва кенг қамровли” бўлиши керак, деди Кирби.
“Президент Байден ва АҚШ кўпроқ аъзолар қўшилишини қўллаб-қувватлаган бўлар эди”, – дея Вашингтоннинг позициясини тушунтирган Кирби.
“The Washington Post” нишри июнь ойида Байден маъмурияти вето ҳуқуқисиз яна олти давлатни БМТ Хавфсизлик Кенгашига қўшиш режасини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.
Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси Дина Гильмутдинова аввалроқ Хавфсизлик Кенгашининг оптимал ҳажми 20 давлатдан сал кўп бўлмаслиги кераклигини, Ғарбий Европа давлатларини эса унга киритишдан ҳеч қандай фойда йўқлигини таъкидлаган эди.
Унинг сўзларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар: Африка, Осиё ва Лотин Америкаси масаласини Хавфсизлик Кенгашининг ишига кўпроқ жалб қилиш ва “Африка қитъасига нисбатан тарихий адолатсизликни тузатиш” талаб этилади.
Хавфсизлик Кенгаши БМТнинг доимий тузилмаси бўлиб, унга халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун асосий масъулият юкланган. Ҳозирда Хавфсизлик Кенгашига 15 та давлат аъзо: 5 та доимий ва 10 та вақтинчалик аъзолар. Доимий аъзолар – Россия, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Франция. Улар вето ҳуқуқига эга. Қолган ўн нафари икки йилга сайланади. Бразилия, БАА, Албания, Гана ва Габон 2022 ва 2023 йилларга сайланган. Япония, Эквадор, Швейцария, Мозамбик ва Мальта - 2023 ва 2024 йилларга сайланади.