Абдулла Қаҳҳор — биография

Абдулла Қаҳҳор – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург, таржимон, ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси.
Sputnik

Абдулла Қаҳҳор таржимаи ҳоли

Абдулла Қаҳҳор 1907 йили 17 сенябрда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Абдуқаҳҳор темирчи бўлган. Лекин бу касбдан оладиган даромад тирикчилик учун кифоя қилмагани сабабли у доим иш излаб қишлоқма қишлоқ кўчиб юрарди. Шу туфайли Абдулланинг болалиги Яйпан, Нурсуҳ, Кудаш, Бувайда, Толлиқ, Олқор, Юлғунзор, Оққўрғон каби Қўқон атрофидаги қишлоқларда кечади. Кечқурунлари отаси Абдуллага суратли эски китоблардан ҳикоялар ўқиб берган.
Қийинчиликларга қарамай, отаси Абдуқаҳҳор Жалилов ва онаси Роҳат ая ўғлига бошланғич таълимни бера олишган. У ўн ёшга тўлганда Бувайдадаги эски мактабга ўқишга киради, бироқ кўп ўтмай оила Оққўрғонга кўчади. Оққўрғон мактабида Абдулла қўқонли Муҳаммаджон қорининг усули савтия мактабида таҳсил кўрди. Муҳаммаджон қори илғор фикрли маърифатпарвар одам эди. У география, математика каби илмларни ҳам ўқитган. Айниқса, шогирдларида шарқ адабиётига қизиқиш уйғотишга уринган.
Эҳтимол шу боис бўлса керак, Абдулла Қаҳҳор умрининг оҳиригача Саъдий ва Хайём, Ҳофиз ва Бедил, Лутфий ва Навоий, Бобур ва Нодира асарларини қўлдан қўймай мутолаа қилар, уларнинг анча-мунчасини ёд билар ва ўрни келганда улардан парчалар келтириб, фикрини далиллар эди. Шундан сўнг Абдулла Қўқонда янги очилган “Истиқбол” мактаб интернатида ўқий бошлайди, бу интернат Абдулланинг зеҳнини янада ўткирлаштирди.
Абдулла Каххар
1922-1924 йилларда Абдуллада адабиётга қизиқиш авж ола боради. Бу йилларда у Қўқон педтехникумида ўқиди, умрида биринчи марта Пушкин, Гоголь, Тургенев, Толстой асарларидан хабардор бўлди. Техникумда чиқадиган “Билим юрти” деворий газетасига шеърлари ва мақолалари билан тез-тез қатнашиб турди. Абдулла Қаҳҳор 1926 йилда ишчилар факультетига ўқишга киради ва уни тугатиб яна журналистик фаолият билан шуғулланади. У 1934 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факультетида таҳсил олади.

Абдулла Қаҳҳорнинг ижодий йўли

1923 йилнинг декабрь ойида “Муштум” журналида Абдулла Қаҳҳорнинг биринчи фельетони босилди. Шундан кейин у республика матбуотида “Гулёр”, “Ялангоёқ”, “Норин шилпиқ”, “Мавлон куфур”, “Ниш” каби тахаллуслар билан тез-тез фельтонлар, сатирик шеърлар, ҳикоялар эълон қила бошлади. 1925 йилда “Қизил Ўзбекистон” газетаси уни Тошкентга газета таҳририятида ишлашга таклиф этади. Газетанинг Абдулла Қаҳҳорнинг ёзувчи сифатида шаклланишида катта ўрин катта.
Абдулла Каххар
Абдулла Қаҳҳор адабиёт оламига ҳикоя жанрининг тенгсиз устаси бўлиб кирди. Ёзувчини ҳатто ўзбек Чехови деб ҳам аташади. Унинг илк китоби “Қишлоқ ҳукм остида” номли кичик қисса 1932 йилда нашрдан чиққан. Шундан сўнг ёзувчининг “Олам яшаради” ва “Тангрининг кулгиси” деган тўпламлари босилди. Адибнинг “Бошсиз одам” ҳикояси аёл қадр-қиммати, озодлигини куйловчи асар ҳисобланади.
Ёзувчининг 30-йиллар ижодида илк романи – “Сароб” яққол кўзга ташланади. Ушбу роман кенг мавзули бўлиб, ўша даврдаги ҳаёт манзараларини реал тасвирлаган, воқеалар тасвирида ҳақиқатни сақлаб қолган.
Абдулла Қаҳҳор ижодий ҳаёти мобайнида 40 дан ортиқ асар ёзган. Бу китоблар орасида 30 тага яқин ҳикоялар бўлиб, улар ўзбек адабиётида ҳикоя жанрининг бадиий уфқларини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир. “Асрор бобо”, “Кампирлар сим қоқди”, “Хотинлар” ҳикоялари ва “Олтин юлдуз каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, ҳалқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган. Ёзувчининг урушдан кейинги йилларда яратган “Қўшчинор чироқлари” (1951) романи ва “Синчалак” (1958), “Муҳаббат” (1968), ”Ўтмишдан эртаклар” (1965) қиссалари, "Бошсиз одам", "Анор", "Бемор", "Даҳшат", "Ўғри", " Миллатчилар", "Санъаткор", "Адабиёт муаллими", "Ўжар" каби ҳикоялари ўзбек насрининг тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Абдулла Қаҳҳор - драматург

Адиб 1938-1939 йиллар Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрининг адабий бўлимига бошчилик қилади. У ўзининг “Шоҳи сўзана” (1951), “Оғриқ тишлар” (1954), “Тобутдан товуш” (1962), “Аяжонларим” (1967), “Сўнггги нусхалар” комедиялари билан ўзбек драматургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Айниқса, “Шоҳи сўзана” ҳажвий пьесаси республика ва қатор хорижий мамлакатлар саҳналарда муваффақиятли намойиш қилинган.
Абдулла Каххар
Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида М. Горькийнинг “Менинг дорилфунунларим”, И. В. Гоголнинг “Ревизор”, Л. Н. Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи ва бошқа бир қатор асарларни ўзбек тилида ўқишга муваффақ бўлишган. Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор асарлари рус, украин, белорус, қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган. Унинг айрим ҳикоялари эса инглиз, немис, француз, чех, поляк, болгар, румин, араб, ҳинд тилларида чоп этилган.
1968 йилнинг 25 май куни Абдулла Қаҳҳорга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилган. У 1968 йил 25 май куни Москвада 61 ёшида вафот этган. Ёзувчи вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Абдулла Қаҳҳор номи Тошкент ва Қўқондаги бир неча кўча ва мактаб, шунингдек, маданият уйлари ва республика Сатира театрига берилган. Пойтахтда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи очилган ва ҳайкали ўрнатилган.
Абдулла Қаҳҳорнинг умр йўлдоши, моҳир таржимон Кибриё Қаҳҳорова “Жомбой тонги” газетасига берган интервьюсида ижодхона Абдулла Қаҳҳор учун муқаддас жой бўлганини айтган. "У ҳар куни муайян вақт ёзув столида ўтирар, биров халақит бермасин, деб пастда юрардим. Эрталаб соат саккиздан, ўн иккигача иш шу зайл давом этади", - деган Қаҳҳорова.
Абдулла Каххар
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев Абдулла Қаҳҳорни шундай эслайди: "Мана, Абдулла Қаҳҳор ҳақида хотиралар китоби чиқаяпти. Улкан рус адиблари ҳақида замондошлари битган кўп хотираларни ўқиганман. Айниқса, И.Буниннинг Чехов ҳақидаги ёдномалари ёқади. Унда Чеховнинг қандай ўтириши, ҳаво қандоқ экани ва нималар дегани ғоят аниқлик билан ёзилган. Ўзимнинг Абдулла Қаҳҳорни кўрган чоғларим ҳақида ўйлаб, хотираларимни беихтиёр анави ёдномаларга солиштиришни истасам: "Тавба, — дегим келади. — Бунин Чеховнинг уйига репортёр сифатида борар экан, холос. Ёки… унинг хотираси ўзи — мўъжиза".
Константин Симонов
"Бир ёзувчи турли йилларда бошқа бир ёзувчининг асарларини таржима қилаверса, билингки бу шунчаки ҳавасдан эмас, балки асарларини таржима этаётган шахсга юксак эътиқодидан ҳам далолатдир. Менга Қаҳҳорнинг шахсияти, феъл-атвори, ўзига ва ўзгаларга талабчанлиги, қобилиятининг айрича хусусияти бўлмиш лириклигию кинояга мойиллиги, хуллас, барча жиҳатлари ёқар эди. Айниқса, унинг ҳаётда ҳам, ижодда ҳам мардлиги мен учун қадрли эдики, бу фазилати асарларига қандай ҳаётий материал танлаганида, материалга қандай мавзу юклаганида ва масалани қандай ҳал этганида кўринар эди", - деб эслайди ёзувчи Константин Симонов.
Абдулла Қаҳҳор уй-музейи экспозицияси ва фондида қўлёзмалар, ёзувчининг кундалиги ва 1920–30 йилларга тегишли фотосуратлар мавжуд.