Ўзбекистонлик талабалар Дубайда ўтказилган танловда ғолиб чиқишди

Эндиликда “Techno Mind” жамоаси TECH4GOOD глобал танловининг финал босқичида қатнашади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ўзбекистонлик “Seeds for the future” таълим дастури иштирокчилари Дубайда бўлиб ўтган минтақавий TECH4GOOD танловида ғолиб чиқди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистонлик саккиз нафар талабадан иборат “Techno Mind” жамоаси “Aquatibia” лойиҳасини тақдим этган ҳолда TECH4GOOD энг яхши лойиҳаси танловида биринчи ўринни эгаллади.
Дубай шаҳрида 14 сентябрь куни Huawei Seeds For The Future flagman таълим дастурининг иккинчи босқичи доирасида минтақавий танловнинг финали бўлиб ўтди.
Мусобақада Озарбайжон, Иордания, Қозоғистон, Қатар, Мўғулистон ва БААдан 6 та жамоа билан бир қаторда Ўзбекистон жамоаси ҳам иштирок этди.
“Лойиҳада Тошкент Ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент шаҳридаги Кимё халқаро университети ва Янги Ўзбекистон университети талабалари ғолиб деб топилди”, - дейилади хабарда.
Эндиликда жамоа TECH4GOOD глобал танловининг финал босқичида қатнашади. Финал бош соврини – 100 000 долларга тенг. Улар бутун дунё бўйлаб бошқа жамоалар қаторида Хитойда бўлиб ўтадиган якуний глобал мусобақада қатнашади.
Маълумот учун, "Seeds For The Future flagman" - бутун дунё бўйлаб АКТ бўйича истеъдодларни ривожлантиришга қаратилган асосий таълим дастуридир. Дастур давомида иштирокчилар илғор АКТ технологиялари, илмий ва технологик етакчилик, глобал мавзулар бўйича мунозаралар ва бошқалар каби мавзуларда интенсив тренинглар ва семинарларда иштирок этишади.
Таълим ва тажриба алмашиш орқали иштирокчилар 5G, сунъий интеллект ва булутли технологиялар ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўладилар, келажакда ўсиш учун кўпроқ имкониятларни очадилар ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширадилар.
TECH4GOOD танлови рақамли технологиялар ва ечимларни қабул қилиш орқали ёшларни ўз жамоаларида ижобий ўзгаришларни амалга оширишга жалб этишга қаратилган.