Айрим ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўланади

Коллеж ва академик лицейларнинг C1 сертификатига эга ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ўзбекистонда C1 даражага эга профессионал таълим муассасалари ва академик лицей ўқитувчиларига 50 фоиз устама берилади. Бу ҳақда мамлакат Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қўшма қарорига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан профессионал таълим муассасалар (касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникум) ва академик лицейнинг халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган камида C1 даражадаги сертификатларга эга умумтаълим фан ўқитувчилари базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш йўлга қўйилади.
Шунингдек, қарор билан
миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхати;
таълим соҳасида хизмат кўрсатуви ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхати;
халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхати тасдиқланди.
Президент қонуни билан таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тиллар (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳинд) ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўланиши белгиланган.
Бунда ўқитувчиларининг халқаро сертификатни олиш учун имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади.
Мактаб ўқитувчиларига устама тўлаб бериладиган сертификатлар рўйхати тасдиқланди