Гурбангули Бердимуҳамедов МО давлат раҳбарларининг фахрий нишони билан тақдирланди

Гурбангули Бердимуҳамедов дўст мамлакатлар раҳбарларига мурожаат қилиб, унга бундай юксак мукофот топширилганидан самимий миннатдорлик изҳор этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси, мамлакатнинг собиқ президенти ва туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда “Türkmenistan: Altyn asyr” нашри хабар берди.
Тақдирлаш маросими Душанбедаги Қасри миллат саройида бўлиб ўтган. Бердимуҳамедовга мукофотни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон топширган.
Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси дўст мамлакатлар раҳбарларига мурожаат қилиб, унга бундай юксак мукофот топширилганидан самимий миннатдорлик изҳор этган.
Бердимуҳамедов Душанбеда ўтказилган музокаралар якуни бўйича қабул қилинган қарорлар қардош мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва бирликни сақлаш учун муҳим қадам бўлишига ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Гурбангули Бердимуҳамедов фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган эди. Бердимуҳамедов 2007 йилдан 2022 йилгача Туркманистон президенти бўлган. У 2019 ва 2021 йиллардаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммитида қатнашган.