Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувида нималарни таклиф қилди?
Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
SputnikТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик истиқболлари бўйича қатор
таклифларни билдирди. Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Қайд этилишича, минтақа иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.
"Савдо-иқтисодий ҳамкорлик минтақавий шериклик ва интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Биз ушбу йўналишда минтақа мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитларни яратмоқдамиз", - деди мамлакат етакчиси.
Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш таклиф қилинди.
Шу муносабат билан минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилиш зарур.
Ўзбекистон президенти енгил автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон билан чегараолди ҳудудлари кооперациясини муваффақиятли шерикликка мисол сифатида қайд этди.
Учинчи давлатларга экспорт қилишни кўзлаган ҳолда минерал ўғитлар, полимерлар, металлдан тайёр буюмлар, тайёр тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
"Биргаликдаги саъй-ҳаракатларга тизимли тус бериш учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди", - дейилади хабарда.
Мамлакатларнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш ҳамда Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.
"Афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир", - деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмаслиги таъкидланди.
Ўзбекистон президенти томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги заиф нуқталар кўрсатиб ўтилди. Булар - аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалалари.
"Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланмоқда. Шу муносабат билан, келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказмоқчимиз, - деб, давлат раҳбари минтақа мамлакатлари делегацияларини ушбу форумга таклиф этди.
Иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга амалий ҳисса қўшиш мақсадида Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ташаббуси билдирилди.
Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этиш таклиф қилинди.
Марказий Осиё мамлакатларининг маданий-гуманитар ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилиш таклиф этилди. Қайд этилишича, “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлади.
"Ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этамиз", - деди президент.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш ҳамда Фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида Минтақавий тизимни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон бундан буён ҳам афғон халқига зарур ёрдам кўрсатади, шу мақсадда Термиздаги халқаро хабни гуманитар кўмак учун тақдим этади, афғон фуқароларини махсус ташкил этилган таълим марказида ўқитишни давом эттиради.
Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш билан бирга Афғонистоннинг ички транспорт йўлларини тиклаш зарурлиги қайд этилди.
Сўзининг якунида президент Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш таклифини қўллаб-қувватлади ҳамда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.