Алия Юнусова болалар омбудсмани лавозимини тарк этаётганини маълум қилди

2020 йил февралидан буён Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили сифатида ишлаб келган Алия Юнусова лавозимидан кетишини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) Алия Юнусова лавозимини тарк этаётганини маълум қилди.
"Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен болалар ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан. Муҳтарам президент Шавкат Мирзиёевга бола ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорчилик билдираман", — деб ёзди у ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифасида.
Юнусова болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга мос мустаҳкам тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилган, қўллаб-қувватлаган, ҳисса қўшган, ишонган ва бирга фаолият юритган барчадан миннатдор эканини маълум қилган.
"ЮНИСЕФ ҳузуридаги Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзода ва унинг жамоасига болалар манфаатларига қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлагани ва илгари сураётгани учун алоҳида ташаккур билдираман", - дея ёзган Юнусова.
У 2020 йил февралидан буён бу лавозимда ишлаб келаётган эди.
Алия Юнусова (1961 йилда туғилган) — иш фаолиятини Тошкент давлат тиббиёт институтида (1983−1989 йилларда) ўқитувчиликдан бошлаган. У турли йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мўминов номли фалсафа ва ҳуқуқ институтида аспирант (1989−1999), кичик илмий ходим, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис (1991−1993), бош мутахассис, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий марказида бўлим мудири (1999−2005) лавозимларида меҳнат қилган. Юнусова 2005−2020 йилларда — учинчи чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган.
Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти 2019 йил апрелида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ўринбосари сифатида жорий этилган, 2021 йил августида омбудсман таркибидан чиқарилиб, Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти сифатида мустақил институтга айланган эди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади. Мазкур лавозимга эса номзодни президент тавсия этади.
Илк синов ва жиддий муаммолар: болалар омбудсмани билан эксклюзив интервью