Самарқандда “Challenge Samarkand-2023” спорт фестивали ўтказилади — сана

Мусобақа Самарқанд шаҳридаги "Silk Road Samarkand" халқаро сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида "Challenge Samarkand-2023" спорт фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Мусобақа Самарқанд шаҳридаги "Silk Road Samarkand" халқаро сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади.
"Challenge Samarkand" турнирининг сузиш баҳслари эшкак эшиш каналида 1,9 километр масофада ташкил этилади.
86 километр масофада бўлиб ўтадиган велоспорт босқичи "Silk Road Samarkand" сайёҳлик мажмуасидан бошланади ва у икки даврадан иборат бўлади. Спортчилар Амир Темур ҳайкали, Регистон ансамбли, Бибихоним мадрасаси, Афросиёб бозоридан ўтиб, сўнгра замонавий Самарқанд кўчалари бўйлаб ҳаракатланишади.
Югуриш босқичи эса "Silk Road Samarkand" сайёҳлик мажмуаси ҳудудида ўтказилади ва унда спортчилар 21,5 километр масофани босиб ўтишлари керак.
Ушбу мусобақалар доирасида триатлон бўйича профессионал спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Республика биринчилигида Ўзбекистоннинг энг кучли триатлончилари мамлакат чемпионлиги учун кураш олиб боришади.
"Challenge Samarkand-2023"да 2000 дан зиёд спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг аксариятини хорижлик атлетлар ташкил этади.
Маълумот учун, "Challenge Samarkand" – "Challenge Family" халқаро бренди остидаги триатлон пойгасидир.