Расул Ҳамзатовнинг ҳаёти
Расул Ҳамзатов 1923 йил 8 сентябрда Доғистоннинг Хунзах туманидаги Цада овулида Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадаса хонадонида туғилган. Она алласи билан Расул қалбига поклик, мардлик туйғулари, юксак тоғлар меҳри, халққа садоқат, адабиётга муҳаббат ҳислари кирди.
Расул Ҳамзатов отаси Гамзат Цадаси билан
© Foto : Национальный музей Республики Дагестан им. А. Тахо-Годи
Авар адабиётининг классиги бўлмиш отаси Расулни ёшлигиданоқ мустақил ва юксак ижодий парвозга тайёрлади. Расул болаллигидан оилда ва дўстлар даврасида отасининг шеърларини баланд овозда ўқиб берар эди. "Баъзан отамнинг шеърларини айрим сатрларини ўзгартириб ўқирдим, баъзида эса охирида ўзимнинг мисраларимни қўшиб юборардим", - деб хотирлайди кейинчалик шоир.
“Отам тулпорини беринглар менга,
Чоптира оламан, минг қатла шукур!”
Қамчини босаман, от эса ерга
Кўтариб ташлади мени ўша қур.
“Сукут сақланг, ҳозир бошлайман ялла,
Беринглар отамнинг соз – дуторини!”
Аммо қўлларимни урганим палла
Узиб юбордим мен унинг торини.
Расул Ҳамзатов 13-14 ёшларида шеър ёза бошлайди. Ўрта мактабни битириб, Авар педагогика билим юртига ўқишга киради, 1939 йилда ўқишни тамомлаб, мактаб ўқитувчиси, кўчма авар театрида режиссёр ёрдамчиси, "Большевик гор" газетаси таҳририятда журналист ва радио қўмитасида адабий ходим сифатида фаолият юритади.
1945-1950 йиллари Москвадаги Максим Горкий номидаги адабиёт институтида таҳсил олади. Айнан талабалик йилларида Пушкин ва Лермонтов, Блок ва Есенин шеъриятининг сирли олами билан таниша бошлайди, ўқиш даврида ўз замонининг етук шоирлари С.Маршак ва А.Твардовский билан дўстлашади. Наум Гребнев ва Яков Козловский каби таржимон ва шоирлар билан дўстлашади.
Ўқишни битириб, Расул Ҳамзатов ўз она юртига қайтиб келади. 1951 йилда ўз қишлоғида бирга ўсган қиз — Патимат Юсуповага уйланади. Шу вақтдан бошлаб Расул Ҳамзатов Доғистон ёзувчилар уюшмаси раиси этиб сайланади ва ушбу лавозимда умрининг охиригача ишлайди.
Расул Ҳамзатов
© Sputnik / Эдуард Песов
1962 йилда Расул Ҳамзатов СССР Олий Совети депутати этиб сайланади ва шундан сўнг у 1991 йилга қадар депутатлик фаолиятини давом эттиради.
Ушбу даврда Ҳамзатов мамлакат ҳаётида бўлаётган жараёнларда фаол иштирок этади, Совет иттифоқининг етакчи олим ва ижодкорлари билан танишади. Кўплаб хорижий давлатларга ташриф буюради ва ана шундай ташрифларнинг биридан сўнг унинг машҳур "Турналар" шеъри пайдо бўлади.
Ушбу даврда Ҳамзатов мамлакат ҳаётида бўлаётган жараёнларда фаол иштирок этади, Совет иттифоқининг етакчи олим ва ижодкорлари билан танишади. Кўплаб хорижий давлатларга ташриф буюради ва ана шундай ташрифларнинг биридан сўнг унинг машҳур "Турналар" шеъри пайдо бўлади.
Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1974), Доғистон АССР халқ шоири (1959), Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист (2003), Учинчи даражали Сталин (1952) ва тўртта Ленин ордени (1960, 1973, 1974, 1983). М. Горкий номидаги (1980) мукофотлари билан мукофотланади.
Расул Ҳамзатов 80 йиллик юбилейлида 2003 йилда "Авлиё апостол Андрей Первозванний" ордени билан тақдирланади. Мукофотни шахсан Россия президенти Владимир Путин топширади.
Расул Ҳамзатов 2003 йилнинг ноябрь ойида 81 ёшида Москвада вафот этган. У Доғистонда, Махачкала шаҳри яқинидаги Тарки посёлкаси қабристонига, рафиқаси билан ёнма-ён дафн этилган.
Расул Ҳамзатов
© Sputnik / Макс Альперт
Расул Ҳамзатовнинг ижоди
Расул Ҳамзатов ўз она тили - авар тилида ижод қилган. Унинг барча шеърлари дастлаб авар тилида чоп этилган ва кейинчалик рус тилига таржима қилинган.
Шоир адабиёт оламига 1932 йиллардан бошлаб кириб келади. Ижодий ишлари илк маротаба 1937 йили маҳаллий авар газетасида чоп этилган. Расул Ҳамзатов ёш бўлишига қарамасдан тинмай ижод қилар, ва шу сабабли бор-йўғи йигирма ёшида Доғистон ёзувчилар уюшмаси аъзосига айланади. Ҳамзатов 1943 йилда “Оловли севги ва аламли нафрат” номи остида нашрдан чиққан биринчи китобида совет халқининг уруш вақтидаги қаҳрамонлигини куйлайди.
Шоир ижодининг ўсишида адабиёт институтида бирга таҳсил олган ёш шоир дўстларининг ўрни катта. Наум Гребнев, Яков Козловский, Елена Николаевская, Владимир Солоухин сингари дўстлари Ҳамзатовнинг шеърларини рус тилига таржима қила бошлашади.
Расул Ҳамзатов Доғистон овулида
© Sputnik / Валерий Шустов
Шеърий тўпламлари
Шоирнинг авар ва рус тилида “Тоғ қўшиғи”, “Менинг қалбим тоғларда”, “Тоғликнинг ватани”, “Тоғ қизи” каби китоблари бирин-кетин босилиб чиқа бошлади ва кенг китобхонларнинг диққат-эътиборини ўзига тортди. Шунингдек, давлат мукофотларига сазовор бўлган “Туғилган куним”, “Юксак юлдузлар” шеърий тўпламлари ўзининг бадиий юксаклиги билан ажралиб туради.
Шоир асарларининг асосий мавзуси
"Менинг барча матнларимда фақат икки мавзу бор — Ватан ва Аёл" , — деб айтарди шоирнинг ўзи.
Замондошларининг эзгулик ва бадбинлик, адолат ва зулм, маърифат ва жаҳолат, муҳаббат ва нафрат ҳақидаги ўйлари, тушунчалари Расул Ҳамзатов шеърларида ўзига хос миллий оҳанг, тиниқ бўёқларда ифодаланган. Дунё миқёсидаги воқеа-ҳодисаларни ўзининг қалб мулкига айлантириб, чуқур идрок этиб, бадиий ифодалаш орқали унинг асарлари умумбашарий аҳамият касб этди. Ватанпарвар шоирнинг тоғли Доғистонга бўлган меҳри, садоқати, шу билан бир қаторда авар тили ҳақида ҳам кўпгина шеърлари мавжуд:
Расул Ҳамзатов рафиқаси ва қизлари билан
© Sputnik / Валерий Шустов
Мен кўп мамлакатда юриб беармон,
Уйга қайтган чоғим ҳориб, ўртаниб,
Устимдан энгашиб сўрди Доғистон:
“Севиб қолмадингми олис ўлкани?”
Баланд тоққа чиқдим, ўша юксакдан
Доғистонга дедим олиб чуқур тин:
“Кўп юртларни кўрдим, фақат юракдан”
Сенсан менинг қаттиқ севганим лекин.
Балки севгингга кам ичганман қасам,
Севги ҳам, қасам ҳам янгилик эмас,
Жимгина севаман, бўлмас қўрқмасам:
Юз бор қайтариқ сўз сўнгуси абас...”.
Расул Ҳамзатовнинг энг севимли шеърий шакллари тўртликлар ва саккизликлар эди. Шоирнинг тўртликлар ва саккизликлари жамланиб “Овулдан хат” номи билан алоҳида тўплам бўлиб чиқди. Ана шу кичик шеърий шаклларда ўша даврнинг катта ғоялари ифодаланганлиги учун ҳам улар довруқ таратди, шоирга шон-шуҳрат келтирди.
Опера қўшиқчиси Ирина Архипова, ёзувчи Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов ва Мустай Карим. КПСС XXVI cъезди депутатлари.
© Sputnik / Юрий Сомов
Шоирнинг ижтимоий-публицистик, воқеабанд, ҳажвий шеърлари алоҳида-алоҳида китобларни ташкил этиши мумкин. Унинг китобларида “Дарвозалар ва эшиклардаги битиклар”, “Қабр тошларидаги битиклар”, “Ханжарлардаги битиклар”, “Йўлак тошларидаги битиклари”, “Кубачин олтин буюмларидаги битиклар”, “Бешикдаги битиклар”, “Қоялардаги битиклар”, “Китоблардаги битиклар” каби бўлимлар бор. Бу битиклар баъзан меҳр-муҳаббат, баъзан юмор, баъзан киноя-кесатиқ билан, баъзан катта фалсафий мазмун билан йўғрилган бўлиб, ўз оргиналлиги билан эътиборни тортади.
Расул Ҳамзатовнинг достонлари
Ҳамзатов достон жанрида ҳам ижод қилиб, “Отам билан суҳбат”, “Тоғ қизи”, “Оналарни асранг” каби достонларини яратган. Унинг ҳаёт ва адабиёт, она ватан ва замондошлар ҳақидаги "Менинг Доғистоним" лирик қиссаси қардош халқлар адабиётида сохта ватанпарварлик ғоялари ўрнига миллий ғоя ва миллий ғурур туйғусининг шаклланишида муҳим ўрин тутган. “Доғистоним” қиссаси шоирнинг назмий мушоҳадаси, фикр ва мулоҳазасининг чуқурлигини кўрсатувчи асарлардан биридир. Кейинги йилларда “Чегара”, “Севги китоби” каби шеърий тўпламлари нашр этилди.
Шоирнинг шеърий ва насрий асарлари, бошқа халқлар адабиёти қатори, ўзбек адабиётига ҳам таъсир ўтказган. Хусусан, Шукруллонинг "Жавоҳирлар сандиғи" лирик қиссаси Ҳамзатовнинг "Менинг Доғистоним" асари таъсирида майдонга келган.
Расул Ҳамзатов
© Sputnik / Лев Иванов
Таржимонлик фаолияти
Ҳамзатов шеър ёзишдан ташқари мумтоз ва замонавий рус адабиёти намоёндалари асарларини, жумладан, Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Александр Блок, Владимир Маяковский ва Сергей Есенинларнинг ижод намуналарини, шунингдек, араб шоири Абдулазиз Ҳожи шеърларини ўз тилига таржима қилади.
Ҳамзатовнинг асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига, шу жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳамзатов Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган ва Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Шукрулло, Абдулла Орипов сингари ўзбек шоирлари билан адабий алоқада бўлган.
В. Путин Расул Ҳамзатовга мукофот топширмоқда
© Sputnik / Владимир Родионов
“Турналар” қўшиғининг яратилиши
Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” шеъри ва унинг асосида ёзилган қўшиқни собиқ СССРда туғилиб ўсган ҳар бир инсон ҳеч бўлмаса бир марта эшитган, ё ўз тилида ёки рус тилида. Баъзан уни ҳатто “мотам куйи” ёки барча урушларда қурбон бўлган аскарлар хотирасига “дуо” деб ҳам аташади.
Ушбу шъернинг пайдо бўлиш тарихи ҳам жуда қизиқ. Расул Ҳамзатов уруш йилларида ёш йигит бўлган, кўплаб яқинлари, қишлоқдошлари Улуғ Ватан уршида қурбон бўлган, шоир уларнинг қора хат олган оналари, турмуш ўртоқлари ва болаларининг қайғуларини ўз кўзи билан кўрган.
Хиросима шаҳридаги ёдгорлик
© Sputnik / Е. Хватков
Ушбу кечинмаларнинг айнан турналар образига мужассам қилишда Ҳамзатовнинг Японияга амалга оширган сафари туртки бўлган. У 1965 йилда СССР делегация таркибида Хиросимага ташриф буюради. У ерда атом бомбаси қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликлардан бирида - қўлида қоғоздан ясалган турна қушини ушлаб турган қизалоқ акс этган эди. Японияда қадимдан “минг дона қоғоз турна ясаган кишининг ҳар қандай орзуси амалга ошади” деган ривоят бор экан. Қизалоқ тирик қолиш орзусида қоғоздан турналар ясай бошлайди, лекин улгурмайди, радиация оқибатида орттирган оққон касаллигидан вафот этади... Расул Ҳамзатовни ушбу воқеа жуда қаттиқ таъсирлантиради.
Уйига қайтиб келганидан сўнг у Уруш қурбонлари хотираси ҳамда япониялик қизалоқ воқеаси таъсири остида “Турналар” шеърини ёзади.
Дастлаб авар тилида ёзилган шеър, орадан 3 йил ўтиб, рус тилига таниқли шоир ва таржимон Наум Гребнев томонидан таржима қилинади. Нашр этилган шеърни актёр ва хонанда Марк Бернс кўриб қолади ва уни бастакор Ян Френкелга олиб бориб, унга мос мусиқа яратишни сўрайди. Қўшиқ чиройлироқ чиқиши учун хонанда ва бастакор шоир ва таржимон билан боғланиб айрим сўзларни ўзгартирш учун улардан рухсат олади. Ян Френкель катта қийинчилик билан ушбу шеърга атаб мусиқа басталайди: дастлаб у мос келадиган ҳеч қандай куй ёза олмайди, кейин у қўшиқни хиргойидан бошлашга қарор қилади. Бу орада хонанда Марк Бернс вафот этади. Ваниҳоят 1970 йилнинг 9 май байрами арафасида Ғалабанинг 25 йиллиги кунида Ян Френкельнинг ўзи ушбу қўшиқни ижро этади.
Телеэкранларда намойиш этилганидан сўнг у бир зумда машҳур бўлиб кетади. "Турналар" қўшиғи улкан СССРнинг ҳар бир хонадонига кириб боради ва кейинчалик бутун дунёга ҳам танилади ва кўпчиликка жуда маъқул келади. Расул Ҳамзатов чет давлатлардан мутлақо бегона кишилардан минглаб мактублар олади. Ушбу машҳурлик кейинчалик Ҳамзатовни СССРнинг тинчлик элчиси этиб тайинланишига ҳам сабаб бўлади.
Дарҳақиқат, оддий сўзлар билан ёзилган ушбу қўшиқ инсон юрагининг тубигача етиб боради. У қайси давлат ёки миллат вакили бўлмасин.
Расул Ҳамзатов
© Sputnik / Марк Редькин
Турналар
(Ориф Толиб таржимаси)
(Ориф Толиб таржимаси)
Хаёлимга келади гоҳо:
Жангда ўлган йигитлар тупроқ
Қатларига сингмаган асло,
Турналарга айланган – оппоқ.
Ўша олис йиллардан бери
Тинмай учар ва йўллагай сас.
Балки шундан кўкка термилиб,
Ғамга ботиб ютармиз нафас.
Оқшом кўрдим: туман оралаб
Кетар эди турна галаси.
Аскарлардай борарди саф-саф,
Осмон гўё – уруш даласи.
Улар учар, йўллари олис,
Кимларнидир чорлаб ўтади.
Нимагадир турна овози
Аварчага ўхшаб кетади.
Учар, учар бу ҳорғин қўшин
Туман ора тунга рўбарў.
Саф ичида бўшдир бир ўрин,
Балки менга аталгандир у.
Кун келади, турналар билан
Туманларда сузарман мен ҳам.
Осмонларда қушлардай нолон
Чақираман дўстларни у дам.
Расул Ҳамзатов ёдгорлиги очилишида Россия Президенти В. Путин
© Sputnik / Алексей Никольский
/