Президент "Электрон ҳукумат" рейтингини яхшилаш чоралари билан танишди

Режага кўра Ўзбекистонда 2024 йилда 700 та рақамли хизматни ишга туширилади ва аҳоли масканлари ва магистрал йўллар юқори тезликдаги интернет билан таъминланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазирлигига Топ-30 давлатлар қаторига кириш вазифасини қўйди.
БМТнинг Электрон ҳукумат рейтинги (e-Government Development Index) — аҳоли ва давлат ўртасида электрон мулоқот даражасини, хизматларни қулайлигини белгилайди. Ушбу рейтинг мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Ўтган йили Ўзбекистон ушбу рейтингда 69-поғонада қайд этилган эди.
Топ-30 мамлакатлар қаторига кириш учун хорижлик экспертлар иштирокида, 6 та йўналиш бўйича 53 та тадбирдан иборат “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унда 2024 йилда 700 та рақамли хизматни ишга тушириш ва барчасини my.gov.uz га жамлаш ҳамда аҳоли масканлари ва автомагистрал йўлларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш назарда тутилган.
Президент юқорида қайд этилган таклифларни маъқуллаб, онлайн хизматларни ва юқори технологиялар соҳасида инсон капиталини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, рақамли технологиялар вазирига БМТ Департаментига (UNDESA) тақдимот қилиб, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрнини яхшилашни асослаш топширилди.