Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон президенти келгуси ҳафтада АҚШга сафар қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлайди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари кейинги ҳафтада Америкага сафар қилади. Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида ўз ишини бошлайдиган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этиб, нутқ сўзлайди.
"Президентимиз халқаро ҳамжамиятни нафақат юртимиздаги ислоҳотлар жараёни, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-сиёсий модернизация соҳаларида эришилган натижалар билан таништирадилар, балки ҳам минтақавий, ҳам глобал аҳамиятга эга қатор муҳим ташаббусларни илгари сурадилар", — деди Асадов.
Мирзиёев ташриф доирасида АҚШ президентининг таклифига биноан ўтказиладиган "С5+1" форматидаги АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида ҳам иштирок этади.
Шунингдек, бошқа мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро молия ташкилотлари етакчилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.