ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўзбекистонлик режиссёр Хуснора Рўзматова томонидан суратга олинган "Бахтсиз куёв" бадиий фильми Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган халқаро фестивалнинг "Кинодаги гуманизм учун" номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Жорий йилнинг 5-9 сентябрь кунлари Қозон шаҳрида 19-Мусулмон киноси халқаро фестивали бўлиб ўтди.
Фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросимида Татаристон Вазирлар Маҳкамаси, Россия Муфтийлар кенгаши ва мусулмонлари диний бошқармаси мутасаддилари иштирок этди.
Халқаро фестиваль доирасида мусулмон дунёсининг 44 давлати кино усталари томонидан суратга олинган 700 дан ортиқ фильмлар кўриб чиқилди. Якунда танлов дастурига 20 та фильм киритилди ва улар Гран-при учун кураш олиб борди.
Энг яхши киноасарлар қаторида ўзбекистонлик таниқли режиссёр Хуснора Рўзматованинг "Бахтсиз куёв" бадиий фильми ҳам танловда намойиш этилди. Якунда ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган ушбу картина "Кинодаги гуманизм учун" номинациясида ғолиб деб эълон қилинди.
Фильм режиссёри Хуснора Рўзматова ташкилий қўмита томонидан диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Тадбир сўнггида 20-Мусулмон киноси халқаро фестивали 2024 йилнинг 7-9 сентябрь кунлари ўтказилиши маълум қилинди.