ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегиши фармон ва қарорда назарда тутилган.
Президентнинг ПФ–158 сонли фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ҳамда уни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича ПҚ–300-сонли қарори қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсаддан иборат.
Унга кўра:
ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
“хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:
давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиб, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;
банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича, фоиз ставкаси асосий ставкадан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.
2023/2024 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасалари 10-синф ўқувчиларини касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади. Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.