"Андижон" аэропортининг учиш-қўйниш йўлагини янгилаш бошланди

Лойиҳанинг амалга оширилиши минтақада туризмни ривожлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Андижон халқаро аэропортида янги аэродром мажмуаси қурилишининг биринчи босқичи бошланди, деб хабар қилмоқда Uzbekistan Airports.
2023-2024 йиллар давомида амалга ошириладиган реконструкция доирасида, аэродром барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади.
Хусусан, қуйидагилар барпо этилади:
узунлиги 3400 метр ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги,
юриш йўлаклари,
самолётлар учун еттита тўхташ жойи (перрон),
ICAO иккинчи (САТ-II) тоифали замонавий ёритиш мосламалари ўрнатилади.
Замонавий ёритиш чироқлари барча турдаги ҳаво кемаларини тунги вақтда ва оғир об-ҳаво шароитида қабул қилиш ва жўнатиш имконини беради.
Бугунги кунда, аэропортнинг мавжуд учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2985 метр ва эни 44 метр бўлиб, йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, шунингдек, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда ва тунда фаолият олиб боришда чекловлар мавжуд эди.