ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Запорожье вилоятида Украина қўшинлари умид қилган тезкор уруш муваффақиятсизликка учради, душман биринчи мудофаа чизиғини ёриб ўта олмади. Бу ҳақда “Биз Россия билан биргамиз” Запорожье жамоат ҳаракати раҳбари Владимир Рогов РИА Новости агентлигига маълум қилди.
“Ғарб ҳарбий техникаси билан қуролланган украиналик жангчилар қисқа вақт ичида ҳарбий ғалабага эришишга умид қилишган. Аммо уларнинг блицкриги “тезкор ўлиш”га айланди. Украина Қуролли кучлари мудофаанинг биринчи чизиғига бориб тақалди ва бизнинг бўлинмалар томонидан тор-мор этилмоқда”, - деди Рогов.
Унинг сўзларига кўра, шиддатли жангларга қарамай, Россия қўшинлари ўз позицияларини сақлаб қолишди. УҚК уч ойлик қарши ҳужумда кулранг ҳудудда ва олдинги ўринларда бир оз олдинга силжиш имконига эга бўлди, шу билан бирга у ерда ҳам ҳужумлар остида қолмоқда.
Украинанинг қарши ҳужуми 4 июнь куни бошланган. Киев НАТО томонидан ўқитилган ва Ғарб техникаси билан қуролланган бригадаларни, шу жумладан, кенг реклама қилинган "Leopard" танкларини жўнатди. Шундан сўнг жанг майдонида тутаётган машиналар тасвирлари Ғарбда шов-шувга сабаб бўлди. Россия президенти Владимир Путин душманнинг “қарши ҳужуми” тўхтаб қолмагани, балки муваффақиятсизликка юз тутганини маълум қилди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, УҚК бирорта ҳудудда ҳам ўз мақсадларига эриша олмаган.
Россия Мудофаа вазирлигининг сентябрь ойи бошидаги маълумотларига кўра, “қарши ҳужум” бошлангандан бери УҚК 66 мингдан ортиқ аскар ва 7,6 минг қурол, шу жумладан, немис "Leopard" танклари, Франциянинг AMX ва Америка "Bradley" жанговар пиёда машиналарини йўқотди. Куни кеча Британиянинг биринчи "Challenger 2" танки йўқ қилингани маълум бўлди.