ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Тошкент халқаро аэропортида 8,5 тонна кўкнори гиёҳвандлик моддаси қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
"Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комлекси "Авиаюклар" ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикага хориждан олиб келинган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари божхона кўригидан ўтказилган. Юклар транзит тарзида олиб ўтилиши керак бўлган.
Кўрик давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Хабарда ёзилишича, одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни бу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, кўкнори сомони мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.
“Таъкидлаш жоизки, битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилинишидек энг йирик кўрсаткич Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилмоқда”, - дейилган хабарда.