Самарқандда Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги декларацияси қабул қилинади

Декларацияга қишлоқ хўжалигини экологик хавфсиз ривожлантириш, болалар ва аёллар соғлом овқатланишини таъминлаш каби бўлимлар киритилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Айни дамда Самарқандда бўлиб ўтаётган БМТ Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция якунида Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида Самарқандда декларацияси қабул қилинади.
Ушбу ҳужжатда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олинади. Томонлар иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши, ерлар деградациясини асосий чақириқлар сифатида эътироф этдилар.

Самарқанд декларациясида қуйидаги мақсадлари қайд этилади:

қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан энг хавфсиз, биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган усулда, сув ресурсларидан оптимал фойдаланган ҳолда ривожлантириш;
аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш, мактабда овқатланиш комплекс дастурларини жорий қилиш;
аёлларнинг агроозиқ-овқат тизимлари трансформациясидаги улушини ошириш учун қишлоқ жойлардаги аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш;
давлат миқёсида кичик ва оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш, табиий ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.
Тадбир доирасида 26 мамлакатдан 150 дан зиёд хорижий олимлар ва Ўзбекистоннинг 200 нафар олими иштирокида давра суҳбати ўтказиш ҳам режалаштирилган.
БМТ Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция Самарқандда 7–8- сентябр кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда 15 та мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари, 8 мамлакатдан вазир ўринбосарлари, 13 мамлакатнинг юқори даражадаги дипломатлари ва 30 дан зиёд халқаро ҳамда илмий ташкилотлар, шунингдек молия институтлари вакиллари иштирок этмоқда.