Жаҳонга машҳур брендлар “Тошкент-2025” ўйинларининг асосий ҳамкорларига айланиши мумкин

Мутасаддилар Олимпия шаҳарчасининг барча ҳудудини кўздан кечиришди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов Италиянинг “Mondo” ва Хитойнинг “TaiShan” компанияси мутасаддилари билан учрашишди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Айни кунларда “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинлари учун қурилаётган Олимпия шаҳарчасида иш қизғин кетмоқда. Объектлар барпо этилгач, уни энг замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозлаш кун тартибидаги асосий масалага айланади.
Учрашувда шу масалалар муҳокама қилинди.
“Mondo” томонидан ширкатнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Андреа Де Каро ташриф буюрди. Ушбу бренд енгил атлетика, шунингдек, волейбол, баскетбол, футзал каби спорт турлари учун қопламалар тайёрлайди. Компания 1976 йилдан бери бир неча Олимпиадаларда стадионларни енгил атлетика баҳслари учун қопламалар билан таъминлаб келади.
“TaiShan” компанияси томонидан ташқи савдо бўйича бош менежер Чжан Веи ташриф буюрди.
“TaiShan” яккакураш турлари бўйича спорт инвентарларини ишлаб чиқариш борасида дунёнинг етакчи компанияларидан саналади. У 2018 йил Индонезияда ўтган, жорий йил Хитой мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари, Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпиадаси, 2019 йил Токио шаҳрида ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида ташкилий қўмитанинг асосий ҳамкори бўлган.
Мутасаддилар Олимпия шаҳарчасининг барча ҳудудини кўздан кечиришди. Ойбек Касимов экскурсия давомида меҳмонларга лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг томонлар кун тартибидаги мавзулар бўйича фикр алмашиб, ҳамкорликнинг кейинги қадамини белгилаб олишди.