Амир Темур асос солган Боғи баланд туризм маҳалласи мақомини олди

Самарқандда биринчи туризм маҳалласи очилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Амир Темур асос солган Боғи баланд туризм маҳалласи мақомини олди, дея хабар берди Туризм қўмитаси.
Самарқанддаги Боғи баланд маҳалласига “туризм маҳалласи” мақоми берилди.
Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиевнинг сўзларига кўра, янги туризм маҳалласи маҳаллий ва хорижлик туристлар сонини янада оширишга хизмат қилади.
Самарқандда Ўзбекистондаги биринчи туризм маҳалласи очилди.
“Мазкур “туризм маҳалласи”ни ташкил этиш орқали Самарқанд вилоятининг экологик муҳити янада яхшиланади. Шунингдек, маҳалла аҳоли учун янги дам олиш маскани ҳисобланади. Қолаверса, қўшимча иш ўринлари ҳам яратилди”, -деди у.
Янги туризм маҳалласи ҳудудида 15 та дам олиш маскани мавжуд, у ерда йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ҳам ўрнатилган.
Шунингдек, ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилган. Шу билан бирга, туризм маҳалласида анжир ва анжир маҳсулотларидан тайёрланган ширинликлар, қуритилган ва консерваланган маҳсулотлар савдоси, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди.
“Бундан ташқари, туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, туристлар учун зарурий барча маълумотлар жойлаштирилди”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Самарқанддаги Боғи баландга Амир Темур асос солган ва бугунгача сақланиб қолган машҳур боғлардан биридир. Айни дамда боғ ҳудудидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган 40 гектарлик боғда 10 мингдан ортиқ сариқ ва қора анжир дарахтлари етиштирилади. Мевалар экологик жиҳатдан тоза, чунки уларни етиштиришда кимёвий моддалар ва дориворлардан фойдаланилмайди.