ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ўзбекистонда "Аҳоли саломатлиги-2030" стратегияси ишлаб чиқилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.
Стратегияда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилади:
аҳолини максимал қамраб олган ҳолда бирламчи тиббий-санитария хизматини унга янада яқинлаштириш;
фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланишини ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни аҳоли орасида ҳар томонлама тарғиб қилиш;
оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини қондириш;
ихтисослашган тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш;
соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, қоғозбозликка, асоссиз бюрократияга ва навбатларга чек қўйиш, аҳолига тиббиёт муассасаларига мурожаат қилганида қулайликлар яратиш;
замонавий ва самарали бошқарув усулларини жорий қилиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш;
кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим ва илм-фанни ривожлантириш;
хусусий секторни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш;
тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
фармацевтика тармоғини самарали тартибга солиш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайта ташкил этилган Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти билан биргаликда икки ой муддатда 2024−2026 йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб қилиш ва оммалаштириш дастурини ишлаб чиқади.