Тошкентда II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми бўлиб ўтмоқда

Симпозиум бир ой давом этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Тошкентдаги Ўзбекистон Бадиий академия Марказий кўргазмалар залида “Тошкент-2023” II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми бўлиб ўтаяпти. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
“Мазкур симпозиум ҳайкалтарошлик санъати орқали экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусини халқимиз онгига чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг маданий муҳити ва бадиий-ландшафт қиёфасини ривожлантириш учун мармардан ҳайкалтарошлик асарлари яратиш, хорижлик ҳайкалтарошлар билан самарали ижодий ҳамкорлик, тажриба алмашиш учун қулай шарт-шароитни юзага келтириш мақсад қилинган”, - дейди вазир Азиз Абдуҳакимов.
Таъкидланишича, бу галги симпозиумда Буюк Британия, Италия, Испания, Аргентина, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Россия, Грузия ва Беларусь каби давлатлардан 10 нафар хорижий ва 11 нафар ўзбекистонлик ҳайкалтарошлар қатнашмоқда.
Симпозиум давомида тажрибали ҳайкалтарошлар томонидан урбанизация, “яшил” ривожланиш, иқлим ўзгариши, Орол фожиаси оқибатлари ҳақида монументал ва декоратив асарлар яратилади. Симпозиум бир ой давом этади.
Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми илк бор 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.