Россия ва Саудия Арабистонининг нефть қазиб олишни қисқартириши Европани хонавайрон қилади

Аввалроқ Россия ва Арабистон нефть қазиб олишни ихтиёрий равишда қисқартиришини эълон қилгандан сўнг "қора олтин" нархи кўтарилган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Нефть қазиб олишни қисқартириш дунё тартибини ўргартириш учун Россия ва Саудия Арабистонининг воситаларидан биридир. Бу ҳақда Тадқиқотлар ва таржималар Осиё маркази директори Аҳмад Мустафо маълум қилди.
“Brent” нархи 90 доллардан ошди, бу нефтга эга мамлакатлар учун фойдали. Бу (нефть қазиб олишни қисқартириш – таҳр.) дунё тартибини ўзгартириш учун Россия ва Саудия Арабистонининг қуролларидан биридир. Боз устига, агар Украинани музокаралар столига ўтқазишга мажбурлашмаса, Европа даҳшатли куз ва қишга дуч келади”, - деди у РИА Новости билан суҳбатда.
Экспертнинг фикрига кўра, нефть нархининг кўтарилиши “Ғарбга стратегик таъсир ўтказади ва Европани хонавайрон қилади”. Шунингдек, у АҚШ стратегик захираларидан фойдаланишни бошлаганига эътибор қаратди.
Аввалроқ SPA янгиликлар агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда Саудия Арабистони нефть қазиб олишни суткасига 1 миллион баррелга ихтиёрий қисқартиришни йил охирига қадар узайтиришини хабар қилди. Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак ҳам Россия нефть қазиб олишни кунига 300 минг баррелга ихтиёрий қисқартиришни 2023 йил декабри охиригача узайтиришини маълум қилди.
Вазир ўринбосарига кўра, бундан буён нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича ихтиёрий қарор ҳар ойда қайта кўриб чиқилади ва жаҳон бозоридаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда тегишли қарор қабул қилинади.
Шундан сўнг нефть нархи 2 фоизга кўтарилди, “Brent” қиймати эса 2022 йил ноябридан буён 91 долларлик довондан ошди.