ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Эртага Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция иш бошлайди, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Самарқандда 7-8-сентябрь кунлари озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилади. Унда 30 дан зиёд давлатдан келган иштирокчилар ўз мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб беришади.
Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция иш бошлайди
Бундан ташқари, анжуман доирасида 8 та техник сессия ташкил этилади ва уларда ер ресурслари, аграр соҳани рақамлаштириш, инновациялар ва агрологистика масалалари ҳам муҳокама этилиб, уларда денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатлар тажрибаларига алоҳида урғу берилади.
“Ўзаро муҳокамалар, таклиф-мулоҳазалар ва билдирилган тавсиялар жамланиб, конференция якунида Самарқанд декларациясини қабул қилиш кўзда тутилган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича консултатив гуруҳ билан биргаликда илм-фан ва таълим доиралари учун давра суҳбати ҳам ташкил этилади. Унда қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари ўрганилади. Давра суҳбатида ўзбекистонлик 200 нафар тадқиқотчи, шунингдек 20 дан зиёд мамлакатдан 150 дан ортиқ хорижий олимлар қатнашиши режалаштирилган.
Конференция доирасида ўтказиладиган кўргазмада Ўзбекистоннинг агроозиқ-овқат соҳасида эришган ютуқлари кенг намойиш этилади. Унда уруғчилик, боғдорчилик, чорвачилик соҳалари, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг бутун цикли (кластерлар ва кооперация, қайта ишлаш, агрологистика), иссиқхона хўжаликлари, илмий изланишлар билан танишиш имконияти яратилади.