ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошидаги “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси Ўзбекистоннинг ёш архитекторлари мустақил уюшмасига айлантирилди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот хизмати хабар берди.
Ассоциация фаолияти Ўзбекистонда шаҳарсозликни ривожлантиришга қизиқувчи юридик шахслар ва экспертларни бирлаштириш, уларнинг касбий манфаатларини ифодалаш, шаҳарсозлик саноати кадрларининг салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.
Шунингдек, архитектуравий лойиҳалаш бозорини ўрганиш, унинг иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш ва ривожланишига кўмаклашиш, архитектура соҳаси мутахассисларининг бандлигини таъминлаш, профессионал мулоқот ташкил қилиш ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Архитектор-лойиҳаловчилар www.shaharsoz.uz ҳаволасига ўтиб, ассоциацияга аъзо бўлишлари мумкин.
Маълумот учун, 2021 йилнинг апрель ойида “Юксалиш” ҳаракати қошида маҳаллий архитекторлар ва лойиҳаловчиларнинг норасмий уюшмаси тузилган эди.