Сайловлар Украинани беқарорлаштириши мумкин — СНБО

Украина раҳбарияти бугунги вазиятда сайловлар ўтказишга қарши. Улар мамлакатда Россияга хайрихоҳ бўлган кучлар фаоллашиши мумкинлигидан хавотирда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Бугунги вазиятда Украинада парламент ва президент сайловлари ўтказиш мамлакатда ички беқарорлик келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблайди мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (СНБО) котиби Алексей Данилов. РИА Новости хабарига асосан.
“Ёдда тутингки, бугунги вазиятда сайловлар ўтказиш бу — ички беқарорлик масаласидир”, — деб Даниловнинг сўзларини келтиради Украина ОАВлари.
Бундан олдин АҚШ амалдорлари Киевга мамлакат парламент ва президент сайловларини ўз вақтида ўтказиш талабини қўйган эди.
Даниловнинг фикрига кўра, Украинада бугунги вазиятда сайловлар ўтказиш мамлакатдаги сиёсий кучларнинг, айниқса Россияга хайрихоҳ бўлган кучларнинг фаоллашувига олиб келиши мумкин.
Украинада парламент сайловлари 2023 йилнинг октябрь ойида, президентлик сайловлари эса 2024 йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши керак. Лекин Украина Конституциясига кўра, ҳарбий ҳолат вақтида сайловларни кечиктириш мумкин.
Бироқ Киевнинг ғарбий ҳамкорлари сайловларни белгиланган муддатда ўтказишни талаб қилмоқда. Хусусан, АҚШнинг нуфузли республикачи сенатори Линдси Грем ўтган ҳафта Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиб, жанглар давом этаётганига қарамай, Украинада президентлик сайловлари ўз вақтида ўтказилиши кераклигини айтди.
Зеленский сайловлар жанговар ҳаракатлар тугагандан кейин бўлиб ўтиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Аммо Гремнинг баёнотидан сўнг Украина президентининг риторикаси бироз ўзгарди. У агар Ғарб бунга маблағ ажратса, у сайлов ўтказилиши мумкинлигини айтди.
Зеленский олдинги интервьюлардан бирида 2024 йилги сайловларда ўз номзодини иккинчи муддатга қўйишини ҳам истисно этмаган эди.