ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Россия ҳарбийлари Москвага дронлар ёрдамида ҳужум уринишларини бартараф этди. Бу ҳақда пойтахт мэри Сергей Собянин телеграм-каналида хабар берди.
"Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Тверь вилоятидаги Завидово ҳудудида Москва йўналишида учаётган яна бир дронни йўқ қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ. Воқеа жойига фавқулодда хизматлар жўнатилди", — дейилади хабарда.
Тверь вилояти ҳукумати аниқлик киритишича, дрон Конаково туманида йўқ қилинган, қурбонлар йўқ. Ҳозирда воқеа жойи фавқулодда хизматлар назорати остида.
Бугун аввалроқ Собянин Калуга вилояти ва Москва вилоятининг Истра туманида дронларнинг йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди. Дрон бўлакларининг қулаши натижасида объектлар зарар кўрган.
Пойтахт аэропортлари вақтинча фаолиятини тўхтатиб турган эди, ҳозирда барча чекловлар олиб ташланган.
Украина ҳарбийлари дронлар ёрдамида мунтазам равишда Россия ҳудудларига ҳужум амалга ошириб турмоқда. Асосий зарба чегара ҳудудларига, шунингдек, Марказий Россияга тўғри келмоқда.