ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Минскда Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенати ахборот хизмати хабар қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама мустаҳкамлаётгани, мамлакат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч ва дўстона муҳитда ривожланаётганлиги қайд этилди.
Томонлар икки давлат парламент вакиллари МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва Парламентлараро иттифоқ каби халқаро парламент ташкилотлари доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилишаётганига урғу беришди.
Қонун ижодкорлиги, гендер ва ёшлар сиёсати соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳудудлар форумини ўтказиш орқали мамлакатлар ҳудудлари ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, ҳудудларни рақамли ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Икки давлат ўртасида турли соҳаларда эришилган келишувларни парламентлар фаолияти доирасида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга келишиб олинди.
Олий Мажлис Сенати ва Миллий мажлис Республика Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига умид билдирилди.
Бўлажак форум аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланишига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, форумнинг якуний ҳужжати (декларация) икки мамлакат тадбиркор аёллари иштирокида янги қўшма бизнес лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Танзила Нарбаева Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгашининг фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.
Шундан сўнг икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Томонлар Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги, Беларусь Республикаси Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар кенгаши (парламенти) ва Ўзбекистон Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳамда “Беларусь аёллар иттифоқи” республика жамоат бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзоладилар.