МБ халқаро пул ўтказмалари чеклови юзасидан тушунтириш берди

Қайд этилишича, Ўзбекистонда халқаро тўлов хизматларига ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки (МБ) тўлов ташкилотлари учун трансчегаравий пул ўтказмаларига доир ўрнатилаётган чекловлар юзасидан муносабат билдирди.
Регулятор хабарига кўра, “Brio Group” (“Oson” бренди)МЧЖ тўлов ташкилоти Ички назорат қоидаларининг (рўйхат рақами 3266, 2020 йил 30 июнь) 31¹-банди талаблари, яъни олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмасдан ва ушбу турдаги халқаро пул ўтказмаларини аниқлаш бўйича асосли ва имкони мавжуд бўлган зарурий чораларни кўрмаган.
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.
“Бироқ амалиётда “Brio group” МЧЖ (“Oson”) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги Қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган”, - дейилган хабарда.
“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун 4-моддасига асосан тўлов ташкилоти – банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсдир. Шунингдек, тўлов ташкилотлари Марказий банк лицензияси асосида республика ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, тўлов хизматлари – тўлов етказиб берувчининг (тўлов ташкилоти) тўлов хизматларидан фойдаланувчига (мижозга) кўрсатадиган хизмати бўлиб, бунда тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмайди ва тўловларини чет элдаги бенефициарларга етказиб бериш ҳамда улардан қабул қилиш хизмати улар учун ташқи савдо операцияси ҳисобланмайди.
“Шу муносабат билан, тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг тўловларини чет элдаги бенефициарга етказиб бериш амалиётларини ташқи савдо операцияси сифатида таснифлаб, қабул қилинган маблағларни бошқа валюталарга айирбошлашлари, шунингдек, трансчегаравий ва давлатлараро транзит ташкилоти сифатидаги операцияларда иштирок этишлари қонунчиликка мувофиқ эмас”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган. Тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.
МБ бундан кейин ҳам тўлов ташкилотлари фаолиятида қонунчилик бузилиши ҳолатларини мунтазам равишда назорат қилиб, тўлов ташкилотлари қонунчилик доирасида фаолият юритишлари борасида барча чораларни кўришини қўшимча қилган.