ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистон жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар тегишли қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилишди.
“Жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилаётган чоралар, хусусан “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда”, - дейилган қуйи палата хабарида.
Бунда жавобгарликни истисно қилувчи ҳолат сифатида тиббий кўрсатма асосида ёки меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан, шунингдек, қонунчиликда рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ҳолати белгиланмоқда.
Таъкидланишича, бу жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.