Ҳиндистон ўз номини ўзгартиришга қарор қилди — ОАВ

“Ҳиндистон” номи Конституциядан олиб ташланиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ҳиндистон ҳукумати мамлакатга Бҳарат номини қайтариш ниятида. Бу ҳақда РИА Новости "The Economic Times" нашрига таяниб хабар берди.

“Энди Конституциянинг 1-моддасини қуйидагича ўқиш мумкин: Бҳарат, яъни Ҳиндистон штатлар иттифоқи бўлади”,- дея ёзган Ҳиндистон миллий конгресси раҳбари Жайрам Рамеш ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Бундан ташқари, у Ҳиндистон президентидан G20 расмий кечки овқат таклифномалари одатдагидек “Ҳиндистон президенти” ўрнига “Бҳарат президенти” номи билан юборилганини таъкидлади.
“Британияликлар Бҳаратни Ҳиндистон деб қайта номлашган. Мамлакатимиз минг йиллар давомида “Бҳарат” номи билан танилган... Бу мамлакатнинг қадимий номи бўлиб, қадимги санскрит матнларида учрайди. "Ҳиндистон" номи мустамлакачиларга берилган ва шунинг учун қуллик рамзи ҳисобланади. “Ҳиндистон” номи Конституциядан олиб ташланиши керак”, — деди Ҳиндистон парламенти юқори палатаси депутатларидан бири.