ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Энди давлатга тегишли сув ҳавзалари тадбиркорларга “E-auksion” орқали ижарага берилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Ҳукумат қарори билан Давлатга тегишли сув ҳавзаларини тадбиркорлик субъектларига “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, 2023 йил 1 октябрдан давлатга тегишли сув ҳавзалари фойдаланиш шарти билан қуйидаги фаолият турларини ташкил этиш учун электрон савдо платформасида онлайн-аукцион орқали ижарага берилади:
давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) – балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш учун;
табиий ва сунъий сув ҳавзалари ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари – сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан, балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни жойлаштириш учун.
Бунда табиий ва сунъий сув ҳавзалари ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мазкур низом қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
ижара шартномаларининг амал қилиш муддати тугамаган табиий ва сунъий сув ҳавзаларига;
Айдар-Арнасой кўллар тизимига;
Президент ёки Ҳукумат қарорлари асосида ижарага бериш белгиланган бошқа давлат мулкларига.
Сув ҳавзаси (ер участкаси) камида 10 йил муддатга, қўшимча яна 10 йил муддатга узайтириш ҳуқуқи билан очиқ электрон онлайн-аукцион савдоси орқали шартнома асосида ижарага берилади.
Сув ҳавзасини ижарага бериш юзасидан тадбиркорлар томонидан ижарага берувчига тегишли таклифлар бериш йўли билан ташаббус кўрсатилиши мумкин.