Путин ва Эрдоған учрашуви натижалари — тафсилотлар

Барча мавзулар бўйича позицияларни мувофиқлаштириб олиш жуда фойдали бўлди, деди Путин Эрдоған билан учрашув якунида.
Sputnik
Бугун Сочида Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Тоййиб Эрдоған учрашуви бўлиб ўтди. Унда президентлар икки давлат орасидаги келишувлар ва халқаро миқёсга бўлган қатор масалалар бўйича фикр алмашишди.

АЭС қурилиши

Россия мутахассислари ёрдамида Туркияда АЭС қурилиши илдам қадамларп билан олиб борилмоқда. “Аккую” АЭСнинг биринчи энергоблоки 2024 йилда ишга тушади. Бир вақтининг ўзида Туркия иккинчи атом электр станцияси қуришни режалаштирмоқда.

"Аккую" АЭС қурилиши ҳам худди шиддат билан давом этмоқда ва бугун биз атом электр станцияси соҳасида иккинчи қадам “Синоп” электр станциясини муҳокама қилдик. Ушбу ишлар натижасида Туркия ривожланиш борасида олдинга “сакраш қилади”. Жаноб Путинга яна бир бор миннатдорчилик билдираман ва ташрифим мамлакатларимиз ва минтақамизга фойда келтиришини тилайман", - деди Эрдоған.

“Дон битими”

Россия, Туркия ва Украина иштирокидаги “дон битими” ҳозирча қайта тикланмайди. Лекин Россия келишувнинг Россияга таалуқли шартлари бажарилганидан сўнг уни дарҳол қайта тиклашга тайёр.

“Биз уларнинг ваъдаларига ишониб, “дон битимини” уч маротаба узайтирдик, лекин улар бизни яна алдашди. Энди биз бу келишувга қарши эмаслигимизни айтамиз, бизга берилган ваъдалар амалга ошиши билан дарҳол унга қайтишга тайёрмиз”, - деди Путин.

Эслатиб ўтамиз, “дон битими” шартларига мувофиқ Ғарб Россия қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва Россия ўғитлари экспортига қўйилган тақиқни олиб ташлаши, “Россельхозбанк”ни SWIFT тизимига қайта улаши бошқа талаблар бор эди.

Бепул буғдой

Россия 1 млн тонна Россия буғдойини бепул энг камбағал мамлакатларга жўнатишга тайёр. “Дон битими” натижаларидан қатъий назар, деди Россия президенти.
Бир миллион тонна буғдой дастлаб Туркияга етказиб берилади, у ерда буғдой ун қилиниб, Африканинг 6 та давлатига тарқатилади.

"Биз жаноб Путин билан камбағал мамлакатларга дон жўнатиш ташаббусини муҳокама қилдик. Биз бундай ишларни амалга оширишга розимиз. Унга қайта ишланган Россия донини қашшоқ мамлакатларга жўнатишимиз мумкинлигига келишиб олдик", - деди Эрдоған.

Ушбу ташаббусда Қатар ҳам иштирок этишга тайёр.
“Қатар томони Россия ғалласини қайта ишланган унни камбағал мамлакатларга етказиб бериш лойиҳасида Қатар-Россия-Туркия форматида иштирок этишга тайёр. Қатар бу ишда молиявий кўмак беришга тайёрлигини билдирди”, — деди у.
Бир-икки ҳафта ичида Россия Африканинг олтита давлатига текин дон етказиб беришни бошлайди, деди Россия президенти Владимир Путин.
"Биз Африканинг олтита давлати билан келишувни якунлаш арафасидамиз. Биз уларга буғдойни нафақат бепул бериш, балки уни етказиб бериш харажатларини ҳам қоплаш ниятидамиз. Музокаралар деярли якунига етди, етказиб яқин 2-3 ҳафта ичида бошланади”, - деди Путин.
Шунингдек, Россия – Туркия – Қатар иштирокидаги ташаббусни “дон битими”га муқобил деб ҳисобламайди, “бу алоҳида ташаббус”, деди Россия президенти.

Россия яхши ҳосил олди

Россия президенти айтишига кўра, бу йил Россияда ҳосил яхши бўлган ва унинг 60 млн. тоннаси экспортга юборилади.
"Бу йил ҳосилимиз яхши бўлади. Ўтган йили 158 миллион тонна бўлган бўлса, бу йил 130 миллион тонна бўлади. Экспорт салоҳияти 60 миллион тонна даражасида қолади", — деди Путин.

Туркия тўлиқ таъминланади

Путин Россия Туркиянинг донга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришига ишонтирди.

"Туркия бизнинг катта ҳамкоримиз. Туркияда йирик донни қайта ишлаш саноати бор, биз буни биламиз ва Туркия Республикасининг эҳтиёжларини тўлиқ қондирамиз", - деди Путин Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдоған билан музокарадан сўнг.

Украина бузғунчилиги

Украинанинг экипажсиз кемалари Россиядан Туркияга уланган газ қуварларини ўққа тутмоқда, деди Россия президенти.
"Россиядан Туркияга газ етказиб берувчи "Турк оқими" ва "Мовий оқим"га газ қувурлари ҳужум қилишга уринишлар қилинмоқда. Бизнинг кемаларимиз бу оқимларни, қувур тизимларини қўриқлайди ва уларга доимий равишда ҳужум қилинади. Жумладан, учувчисиз самолётлар ёрдамида. Бу ҳужумларни Украина Қора денгиз портларидан жўнатган”, — деди Путин Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдоған билан музокарадан сўнг.
Унинг сўзларига кўра, Россия доимо озиқ-овқат экспорти учун мўлжалланган йўлаклардан ҳарбий мақсадларда фойдаланилмаслигини таъминлашга ҳаракат қилган.

Қарши ҳужум

Владимир Путин Украинанинг махсус ҳарбий операция зонасида ўтказган қарши ҳужумини изоҳлар экан, “бу тўхтаб қолиш эмас, бу мағлубият”, деди ва кейинги қарши ҳужумга уринишлар ҳам барбод бўлишига умид билдирди.
"Тўхтаб қолган қарши ҳужумга келсак, бу тўхтаб қолиш эмас, мағлубият. Ҳеч бўлмаганда, бугунги кунгача вазият шундай. Келинг, кейин нима бўлишини кўрамиз, умид қиламанки, бу шундай давом этади", - деди Путин.

Тинчлик йўлида

Туркия президентининг айтишига кўра, Анқара ва Москва ўртасидаги яқин муносабатлар минтақавий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.
"Биз жаноб Путин билан ҳам минтақавий жараёнларни муҳокама қилдик. Россия билан яқин алоқаларимиз минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшишда давом этади", - деди Туркия раҳбари.
Путин ҳам Эрдоғанга Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди
“Албатта, Туркия президентидан бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдормиз. Туркия президенти Украинадаги вазиятни тартибга солишга, жумладан, юзма-юз суҳбатларга ҳам ҳар доим катта эътибор берган ва беряпти, - деди Путин матбуот анжуманида.

Туркия воситачилиги

Россия Украинада тинчлик ўрнатиш мақсадида учинчи томоннинг воситачилик хизматларидан бош тортмаймиз, лекин ҳозирча ҳеч қандай янги таклиф эшитмадик, деди Россия президенти.

"Биз баъзи янги ташаббуслар ҳақида эшитяпмиз, лекин бу биз билан ҳеч қачон муҳокама қилинмаган нарса. Шунинг учун биз янги ҳеч нарсани сезмаяпмиз. Воситачилик хизматларига келсак, биз уларни ҳеч қачон рад этмаганмиз", - деди Путин.

Унинг таъкидлашича, Туркия президенти “Украина атрофидаги инқирозни ҳал қилиш” ҳаракатларига, жумладан, душанба куни Сочидаги музокараларда ҳамиша катта эътибор қаратган.

"Биз Туркия президенти воситачилигида, Россия ва Украина орасида айрим келишувларга эришилганини, ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланганини биламиз, аммо кейин Украина уларни ахлат қутисига жўнатди. Энди бунга шунчаки ҳеч ким қайтмайди", — деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, Россия Хитой ва Африка давлатларининг воситачилик ташаббусларидан хабардор ва Туркия президентининг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари учун ҳам, албатта, ундан миннатдор.
"Айтмоқчиманки, Россия ҳеч қачон (Украина бўйича) музокаралардан бош тортмаган ва ҳозир ҳам рад этмаяпмиз”, — деди Путин.
Путин айтишига кўра, Туркия президенти бугунги учрашув чоғида ҳам бу масалани кўтарган.

Ливия можароси

Ливиядаги кўп йиллик инқирозни музокаралар ва муросалар йўли билан ҳал қилиш, Ливия давлатининг қулашига йўл қўймаслик учун комплекс ёндашув зарур, деди Путин Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдоған билан музокарадан сўнг.
“Ливиядаги вазият бўйича фикр алмашиш чоғида ушбу мамлакатдаги кўп йиллик инқирозни музокаралар ва муроса йўлларини излаш асосида ҳар томонлама ҳал этиш мажбурияти яна бир бор тасдиқланди”, — деди Путин.
Президент бу масалада зўравонлик авж олишига йўл қўймаслик ва Ливия давлати қулашига йўл қўймаслик зарурлигини қўшимча қилди.

Сурия можароси

Сурияликлар ўз мамлакати келажагини ташқи босимсиз ўзлари белгилаши керак, деди Россия президенти.
"Биз Сурия инқирозини ҳал қилишда ушбу мамлакат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш каби асосий ёндашувларни баҳам кўришимиз муҳим. Биз бу давлатни тўлиқ миқёсда тиклашни бошлаш учун зарур эканлигини тушунамиз. “Миллий ярашув ва келишувга эришамиз ва биз Суриянинг келажагини, ташқаридан ҳеч қандай тайёр моделларни сингдирмаган ҳолда сурияликларнинг ўзлари белгилаши керак деган нуқтаи назардан келиб чиқамиз”, — деди Путин.

Фойдали учрашув

Туркия билан позицияларни келишиб олиш жуда фойдали, мулоқот мазмунли ва самарали бўлди, деди Владимир Путин бугун Сочида Эрдоған билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг.
"Умуман олганда, юқоридаги ва бошқа минтақавий мавзулар бўйича позицияларни мувофиқлаштириб олиш жуда фойдали бўлди, деб ўйлайман. Хулоса қилиб айтганда, ҳамкорлик, мазмунли ва самарали мулоқот учун яна бир бор миннатдорчилик билдирмоқчиман", — деди Путин учрашув якунида.
Россия президенти бугунги музокаралар Россия-Туркия ҳамкорлигини барча соҳаларда янада ривожлантиришга хизмат қилишига умид билдирди.