ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Термиз, Гулистон, Нурафшон, Андижон, Наманган, Фарғона, Хива ва Нукус шаҳарларида ўтказилди.
Республика бўйлаб 100 мингга яқин ҳаваскор югурувчилар мусобақада иштирок этди.
Тошкент шаҳрида “Ҳумо Арена” спорт майдонида ўтказилган оммавий югуриш мусобақасига 7000 дан зиёд иштирокчи қўшилди, улар орасида Тошкентнинг 50 та олийгоҳидан 3000 га яқин талаба ҳам бор эди.
Тошкентдаги оммавий югуриш мусобақасининг дастурига 3 км ва 10 кмлик масофа киритилди. Қолган шаҳарларда “Янги Нафас” спорт ҳаракатининг ягона рамзий масофаси 3 кмни ташкил қилди.
Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон спорт югуриш клубларидан қарийб 400 нафар иштирокчи югуриш мусобақасини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташриф буюрди.
“Янги Нафас” ғолиблари учун ташкилотчилар томонидан пуллик мукофот фонди ва оммавий югуриш мусобақасининг рамзи туширилган эсдалик совғалари ажратилди.