ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Қабр пойига гул қўйиб, Биринчи президент хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ислом Каримов мақбараси
© Пресс-служба президента Узбекистана
"Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, давлат бошқарувини янгидан қурган, тарихимизнинг мураккаб ва оғир даврларида барқарорликни сақлаб, халқимиз манфаатларини таъминлаган", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев унинг бу хизматларини муносиб қадрлади. Давлат раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш бўйича кўп ишлар қилинди. Мамлакатдаги йирик мажмуалар, шаҳарлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил қилинди, Самарқандда мақбара барпо этилди.
"Фидойиларини эъзозлайдиган халқимиз Биринчи Президентимизни ҳурмат билан ёдга олади. Ушбу хотирлаш маросими ҳам ўтганлар ёдига ҳурмат, ёш авлодга ибрат мактабидир", дейилган хабарда.
Маросимда парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир якунлангач, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.