ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Мисрнинг энг йирик молия-саноат корпорацияси Фарғона вилоятида тоза ичимлик суви тизимларини модернизация қилишда иштирок этади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Мисрнинг энг йирик молия-саноат корпорацияси Hassan Allam Holding ижрочи директори Маҳмуд Эл-Эссавийни қабул қилди.
Учрашувда Hassan Allam Holding иштирокидаги қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
Тоза ичимлик суви тизимларини модернизация қилиш;
Оқава сувларни тозалаш тизимига замонавий технологиялар олиб кириш;
Қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш;
Қурилиш материаллари ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини инвестицион лойиҳа асосида барпо этиш;
Вилоятда халқаро савдо-логистика маркази ташкил этиш.
Айтилишича, Кампиробод сув омборидан Фарғона вилоятига 1 метр диаметрдаги қувурлар ёрдамида 133 км. тоза сув тармоғи тортиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ҳоким бу лойиҳани жадаллаштириш мақсадида давлат хусусий шекрикчилик асосидаги инвестицион таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканликларини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Учрашувда муҳокама қилинган ҳамкорлик имкониятлари:
Фарғона шаҳри ва туташ ҳудудлардаги ичимлик сувини замонавий технологияларни жорий этган ҳолда юмшатиш
Бешариқ туманида ичимлик суви тармоғи тортиш ва мавжудларини модернизация қилиш
Илғор техник ва технологик ечимлар билан вилоятдаги сув тозалаш иншоотларини янгилаш, бунда юқори самарали кўп босқичли тозалаш тизими жорий этиш ва тозаланган сувларни муайян соҳаларда қайта ишлатиш имкониятини таъминлаш.
Hassan Allam Holding географик жиҳатдан Марказий Осиёда муҳим ўринда турувчи Фарғона вилоятида логистика маркази ташкил этиши, компаниянинг йирик халқаро ҳамкорларини ҳам Ўзбекистонга жалб этиши қайд этилди.
Учрашувда муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишилди.
Маълумот учун, Hassan Allam Holding 1936 йилда ташкил этилган. Сўнгги 5 йил ичида у Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида 70 та лойиҳани муваффақиятли амалга оширди. Forbes компанияни 100 та энг яхши араб оилавий корхоналар рейтингига киритган. Активлари 8 миллиард доллар, ишчилар сони эса 45 минг нафар ходимни ташкил қилади.