ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. 1 сентябрь куни "Тошкент-3" маҳаллий авиақатновлар терминали олдида икки ҳафта олдин бошланган реконструкция қилиш ишларидан сўнг қурилган йўлак очилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” матбуот хизмати хабар қилди.
Энди транспорт воситаларининг терминал олдига келиши соддалаштирилди. Учта алоҳида йўлаклар пайдо бўлди: расмий аэропорт такси хизматлари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар, шунингдек, кузатувчи ва кутиб олувчилар автомобиллари, жумладан, агрегаторлар билан ишлайдиган таксилар учун.
Ҳудудга барча енгил автомобиллар, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун 10 дақиқагача муддатга қисқа муддатли киришга рухсат берилади. Автомобилнинг йўлакда ўтказган вақти 10 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялаштирилган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарима солади. Шунингдек, келишнинг ўнг ва чап йўлакларини ажратиб турувчи сариқ чизиқда тўхташ тақиқланади ва қоидабузарлик ҳисобланади, бунинг учун жарима ҳам назарда тутилади.
“Бугунгача маълум бир хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари терминал олдига кира олмас эди. Эндиликда биз ҳайдовчилар учун халқаро стандартларга мувофиқ, йўловчиларни терминалда қолдириб, олиб кетишлари учун зарур шароитлар яратиб бердик”, — дейилади “Uzbekistan Airports” АЖ Авиация хавфсизлиги хизмати хабарида.
Вокзал майдонини реконструкция қилиш ишлари ҳукуматнинг 2023 йил 17 апрелдаги тегишли қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Компанич 2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал олди ҳудудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилишини эслатган.