ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев октябрь ойида Хитойга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу Хитой раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон раҳбарига Мустақиллик байрами муносабати билан йўллаган табригидан маълум бўлди.
"Бир макон, бир йўл" учинчи халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун жорий йил октябрь ойида яна Хитойга келишингизни интиқлик билан кутиб қоламан", - дейилган табрикда.
Хитой етакчиси у Хитой-Ўзбекистон муносабатларига алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлаган. Икки давлатнинг ҳар томонлама стратегик шериклигининг барқарор ва изчил ривожлантириш ҳамда хитой-ўзбек ҳамжамиятининг қурилишига янги туртки бериш учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
"Бир макон, бир йўл" ташаббуси 2013 йилда Хитой раҳбари Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган. Биринчи халқаро форум 2017 йилда ўтказилган. Хитой илгари сурган мазкур ташаббус икки йўналиш - қуруқлик ва денгиз йўлларини ривожлантириш ва ўзаро боғлаш орқали давлатлараро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
2019 йилнинг апрель ойида иккинчи “Бир макон, бир йўл” форуми ўтказилган эди. Учинчи форум жорий йил кузида бўлиб ўтиши кутилмоқда.