ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Байрам кунлари Тошкентнинг айрим кўчаларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чекланади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 31 август ва 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан "Янги Ўзбекистон" боғида байрам тадбири ўтказилиши режалаштирилган.
Шу сабабли пойтахтнинг Махтумқули-Оҳангарон шоҳ кўчасидан, Янги Ўзбекистон - 4P12 йўли кесишган чорраҳасигача соат 19.00 дан 22.00 гача бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чекланади.
"Байрам табдирлари ва мушакбозликка ташриф буюрувчи меҳмонлар Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ҳаракатланишлари мумкин", - дейилади хабарда.
Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ тумани ҳамда Паркент туманларидан ташриф буюрувчи меҳмонлар 4Р12 йўли бўйлаб Шарқ ЙПХ маскани орқали пойтахтга киришлари тавсия этилади.
Бўстонлиқ, Ғазалкент ва Қибрай туманларидан ташриф буюрувчи меҳмонлар Чирчиқ шаҳри орқали Юзробод кўчаси бўйлаб Темур Малик кўчаси орқали пойтахтга киришлари мумкин.